Элчи аҳоли томорқалари билан танишди
Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюн Ўрта Чирчиқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Туман ҳокими Ихтиёр Қосимов ҳамроҳлигида элчи Дўстлик маҳалласидаги аҳоли хонадонларида бўлди. Элчига аҳолининг асосий машғулоти деҳқончилик экани, томорқалардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилгани айтилди.

Анорбой Холматов хонадонидаги 8 сотихлик томорқасида редиска, пиёз ва кўкатлар экиб, мўмайгина даромад олади. Элчи томорқа эгалари билан суҳбатда сабзавот етиштиришнинг хитой тажрибасини оммалаштириш, етиштирилган маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Меҳмонлар маҳаллада бўлиб ўтаётган “Сумалак сайли”да ҳам қатнашди. Уларга ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди. Шундан сўнг меҳмонлар Туркистон маҳалласида жойлашган мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган микромарказда бўлди. Мазкур лойиҳа учун икки гектарга яқин ер майдони ажратилган. Режа бўйича 40 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилади ҳамда мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бугунги кунда бу ерда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётган бўлиб, ушбу микромарказ жорий йил сентябрь ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Туман ҳокими объектлар бўйича маълумот берар экан, бу саъй-ҳаракатларда хорижлик инвесторлар билан ҳам ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Суҳбат давомида бу борада келгусида амалга ошириш керак бўлган вазифалар келишиб олинди.
А. Мусаев, Д. Эрназаров(сурат),
ЎзА мухбирлари