“Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари: билим ва имкониятлар сари янги қадам
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ва Навоий шаҳридаги Президент мактабида “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари” тадбирлари ташкил этилди.
Унда ўқувчилар, талабалар, иқтидорли ёшлар ва ёш давлат хизматчилари иштирок этди. Шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги ёшларнинг тадбирларда онлайн қатнашиши учун ҳам имконият яратилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, юртимизда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилнинг 5 май куни давлатимиз раҳбарининг “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
Фармонга кўра, мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.
Тадбирда жамғарманинг фаолияти, ёшларга дунёнинг ТОП етакчи университетлари бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш учун тақдим этилаётган стипендиялар, очиқ танловларда иштирок этиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда таълим олиш йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
– 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва бошқа йўналишларда жамғарма маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировка дастури амалга оширилмоқда, – дейди жамғарма ижрочи директори ўринбосари Шуҳрат Мўминов. – Мақсадли стажировкани ўтаган мутахассислар ва ўқишни якунлаган стипендиатларнинг қайтганидан сўнг, хорижда олган илғор назарий билим ва тажрибаларини амалиётга жорий этиши ҳамда хизмат бўйича ўсишига зарур шароитлар яратиб боришга тегишли вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари ва бошқа иш берувчи ташкилотлар раҳбарлари масъул ҳисобланади. Айни пайтда 1400 нафардан зиёд битирувчиларимиз юртимизда турли соҳаларда фаолият олиб бормоқда.
Очиқ мулоқотлар давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жамғарма масъуллари ва стипендиатлардан бевосита жавоб олди. Хорижда таҳсил олиб, ўз билим ва тажрибаси билан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётган ёшларнинг ҳаётий мисоллари иштирокчилар учун катта мотивация манбаи бўлди.
– 2024 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлганман, – дейди Шамшоджон Шарипов. – Ушбу дастур орқали магистратура йўналишида Италиянинг нуфузли университетида икки йил давомида таълим олиб, 2026 йилда таълим дастурини тамомладим ва ҳозирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида ўз фаолиятимни олиб бормоқдаман. Ушбу таълим дастури давомида замонавий, яъни айнан таълим жараёнида қўлланилаётган янги усулларни, янги методларни ўрганиб келдим. Ҳозирда ўз фаолиятимда ўрганган янги усулларни қўллаб, талабаларга сабоқ бермоқдаман. Эски, фақат ёздириб ўқитиш ёки доскада мисолларни ечиб дарс бериш усули самара бермайди. Бугунги ёшлар билан ишлашда интерактив усулда иш олиб бориш жуда ҳам самаралидир. Кўпроқ интерактив, ўзаро алоқада ишлаш, янги замонавий дунёда қўлланилаётган сунъий интеллект ва математик воситалар билан ишлашни кўрсатиш уларни кўпроқ қизиқтиряпти. Ёшларга берадиган бир нечта тавсияларим бор. Биринчи навбатда мақсадни аниқлаб олиш керак. Чет элга ўқишга боришим керакми ёки нима учун ўқишим керак? Бу менга нима беради? Қайси давлатда мен кўпроқ натижа ола оламан? Шу мақсадларни аниқлагандан кейин, шу мақсадларга тўғри келадиган университет ва давлатни, таълим дастурини, энг зўр таълим бера оладиган профессорларни танлаб, ўшалар билан бирга ишлаб, уларда ўқиши мумкин.
[gallery-31857]
Албатта, бугунги кунда сифатли таълим ва замонавий билимларга эга бўлиш ёшларнинг шахсий муваффақияти билан бир қаторда, мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу маънода, “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга кенг имкониятлар яратиш ва иқтидорли авлодни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардан биридир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари