Эл-юрт ҳурматига сазовор санъаткор
Миллий мусиқамиз дунёнинг қай чеккасида бўлмасин, тингловчига ўзгача руҳий кечинма, ҳаяжон бағишлайди.
Бу сўзлар Ўзбекистон халқ артисти, най чолғусининг моҳир ижрочиси Абдулаҳат Абдурашидов ижодига ҳам тааллуқлидир.
Санъаткор ижодий сафарлар, концерт дастурлари билан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея каби давлатларда кўп марта бўлган. Ҳар сафар унинг ижроси хорижлик мусиқа ихлосмандлари томонидан катта олқишлар, эътибор ва қизиқиш билан кутиб олинади.
Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси барчамиз учун қадрли. Бироқ не мўъжизаки, Фарғона диёридан қанча-қанча адабиёт, мусиқа, рақс, театр, тасвирий ва амалий санъат усталари етишиб чиққани ҳайратимизни оширади.
Абдулаҳат Абдурашидов 1956 йили Марғилонда таваллуд топган. Китоб дўконида савдо қилувчи отаси Абдулҳамид ака санъат, адабиётни жуда эъзозлаганиданми, ўғлида мусиқа санъатига бўлган илк меҳрни уйғота олган. У мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ турли ижодий танловлар, мусиқий кечаларда фаол иштирок этиб келарди.
Тақдирини мусиқа билан боғлаган А.Абдурашидов Тошкентдаги санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳини тамомлагач, етакчи ижодий жамоалар таркибида меҳнат қила бошлади. 1990 йилдан буён Юнус Ражабий номидаги "Мақом" ансамблида меҳнат қилаётган А.Абдурашидов мамлакатимиздаги аксарият мусиқий тантаналар, йирик концертлар, ижодий танловларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Мусиқанинг бебаҳо ва илоҳий таъсир кучини унинг ижросидаги "Чўли ироқ", "Насруллойи", "Илтижо", "Марғилон таронаси", "Фарғона экан", "Янги тонг", "Дўстлар", "Тантана", "Гуллар рақси" каби дилрабо куйларни тинглаб, яна бир бор англаш мумкин.
Устоз санъаткор кўп йиллардан буён миллий мусиқа санъатимизни хорижда муносиб тарзда тарғиб этиб келаяпти. Унинг бу борадаги хизматлари юқори баҳоланиб, А.Абдурашидов 1995 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист", 2000 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" унвонига, 2013 йилда "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланди.
– Президентимиз санъат, адабиётнинг қадрига етадиган инсон экани халқимизнинг катта бахтидир, – дейди устоз санъаткор Абдулаҳат Абдурашидов. – Оддий одамлар ташвишига елкадош бўлаётган, ижод аҳлига бетиним меҳр ва эътибор кўрсатаётган, илм-маърифатни ривожлантираётган шундай меҳридарё инсон -- Президентимиз қўлидан орден олиш барча ижодкорлар каби мен учун ҳам катта бахтдир. Сидқидилдан, астойдил меҳнат қилган одамнинг хизматлари ерда қолмас экан. Бугун миллий санъатнинг барча йўналишлари каби мақом санъатига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Буларнинг бари ижодкор зиёлиларни изланишлар сари ундайди.
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари фармонига кўра, Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Юнус Ражабий номидаги "Мақом" ансамбли созандаси Абдулаҳат Абдурашидов "Эл-юрт ҳурмати" орденига муносиб топилди.
Баъзан замонавийликни ҳам тузукроқ қойиллатмаган айрим "ихлосмандлар"нинг миллий мусиқамизни қадрламаслигини сира тушунолмайман. Уларга жавобни эса Абдулаҳат Абдурашидов сингари моҳир ижрочиларнинг жаҳоннинг турли давлатларидаги чинакам шинавандалари миллий мусиқамизга бўлган меҳри билан аллақачон қайтарган, деб ўйлайман.
Назокат Усмонова, ЎзА