Эл меҳри асрасин сизни
Ҳарбий ватанпарварлик ойилиги доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази Марҳамат туман бўлинмаси ташаббуси билан тумандаги давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда “Эл меҳри асрасин сизни ҳамиша” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ҳарбий қисм аскар ва зобитлари, тумандаги умумтаълим мактабларининг ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчилари, иқтидорли, ижодкор ўқувчилар иштирок этган тадбирда она Ватанимизни, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб-авайлаш, уни ҳар қандай таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аскарларнинг шарафли бурчи ҳақида сўз юритилди.

– Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган ушбу тадбир иштирокчилар, айниқса, ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Қолаверса, тадбир ёшларимизнинг чегара қўшинлари, миллий армиямиз ва унинг куч-қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Тадбирда бадиий жамоалар томонидан ижро этилган она юрт, садоқат, тинчлик ва ёшликни мадҳ этувчи гўзал куй ва қўшиқлар, ўқилган шеърлар иштирокчилар қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Айниқса, «Жасмина қувноқ болажон» нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган жажжи болажонлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Тадбир якунида фаол бир гуруҳ фаол ўқувчилар ҳамда тадбир ташкилотчилари ташаккурнома ҳамда китоблар тўпламлари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),ЎзА