ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА
Маълумки, карантин даврида иқтисодиёт ривожига салбий таъсирни камайтириш мақсадида барча жабҳада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу синовли кунларда деҳқон ва томорқа ер эгаларининг хизмати катта
Маълумки, карантин даврида иқтисодиёт ривожига салбий таъсирни камайтириш мақсадида барча жабҳада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ мазкур жиддий ҳолат ҳаёт тарзимизга янгича ёндашув билан қарашимизга замин яратди.
Баҳор фасли бошланиши билан юртимиздаги барча фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари учун ерни экишга тайёрлаш, ерга уруғ қадаш, шунингдек, кўчатлар экадиган қизғин паллага айланади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши халқимизга мурожаат билан чиқди. Унда Президентимизнинг ҳар бир топшириқлари чуқур таҳлил қилиниб, фермер ва бобо деҳқонларимиз, шунингдек, ўз шахсий томорқасига эга бўлган барча фуқароларимиз ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Томорқа – қўшимча даромад манбаи. Шуни доимо ёдда сақлаган ҳолда, томорқадан уч марта ҳосил олиш лозим. Бу борада ҳар бир хонадонда ихчам иссиқхона қуриб, намунали томорқачи ва илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда мамлакатимиздаги 4 минг 540 дан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 435 минг гектар ер майдонига сабзавот, картошка, полиз ва бошқа экинларни деярли 100 фоиз экиб бўлди. Бу, албатта, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамдир.
Ўзбек халқи азалдан меҳнатсеварлиги билан танилган. Барча вилоятларимиз деҳқонлари ва томорқа ер эгалари ушбу Мурожаатномани ўқиб, зиммасида қандай катта масъулият турганини ҳис қилмоқда. Бу синовли кунларнинг тез орада ўтиб кетиши барчамизга маълум, бироқ ҳозиргидек қийин вазиятда халқимизнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш, жумладан, озиқ-овқат билан таъминлашда аграр соҳанинг ғоят муҳимлиги кундек равшан. Юзага келган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун ҳам бободеҳқонларимиз айни кунларда вақтни ғанимат билишлари шарт.
Ҳар бир деҳқон, ҳар бир томорқа ер эгаси етиштирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб, бозорларимиз тўкин-сочинлигини, нарх-наво ўринсиз ошиб кетишининг олдини олишига хизмат қилмоғи лозим. Бу энг асосий вазифамиз эканини унутмаслигимиз лозим.
Жаҳонгир ГАЛАЕВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси.