Экстремизмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади
Бугунги кунда қонунчилигимизда фақатгина диний экстремистик ҳаракатларга жазо чоралари кўзда тутилган. Аммо миллий, ирқий, сиёсий, диний адоват қўзғатиш каби экстремизм турлари жазосиз қолмоқда.
Эндиликда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари ахборот технологиялари ҳамда интернет тармоқларидан фаол фойдаланиб, айниқса, ёшларни зўравонлик ва радикал ғояларга жалб этишга уринаётгани кузатилмоқда. Шу боис, амалдаги қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириш, профилактика чора-тадбирларини кучайтириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш долзарб вазифа ҳисобланади.
Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш, ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга экстремизмнинг олдини олиш, бу ҳақда хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, ташкилотларни экстремистик деб эътироф этиш тартибларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган нормалар киритилмоқда. Экстремизмга қарши курашиш турлари, экстремистик жиноятлар содир этган жиноятчиларга чекловлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида” ҳамда “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этиляпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экстремизм ва радикализмга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳасининг долзарблиги эътироф этилган ҳолда биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА