Экстремистик ташкилотларда иштирок этиш 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 2 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини таркатиш ёхуд намойиш этиш максадида тайёрлаш, саклаш ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қонун ҳужжатларидаги “диний экстремизм” сўзлари “экстремизм” сўзи билан алмаштирилди.
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, Адлия вазирлиги томонидан Экстремистик ташкилотларнинг, материалларнинг (манбаларнинг) электрон реестри юритилади. Электрон реестр Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ ҳисобланади.
Электрон реестрга экстремистик фаолиятга алоқадорлиги муносабати билан фаолияти тўхтатиб турилган ташкилотлар, экстремистик ташкилот деб топилган ташкилотлар; экстремистик материал деб топилган материаллар, телекоммуникациялар ёки Интернет тармоғидаги тизимли равишда (1 йил мобайнида 2 ва ундан ортиқ маротаба) экстремистик материаллар жойлаштирилган ва тарқатилган электрон манбалар киритилади.
Материал (манба)ни экстремистик деб топиш тўғрисидаги илтимоснома экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари томонидан Бош прокуратурага тақдим этилади. Илтимосномага материал (манба)да экстремистик материал мавжуд эканини тасдиқловчи экспертиза хулосаси илова қилинади.
Бош прокуратура ҳужжатларнинг асослилигини текширади. Рози бўлган тақдирда, материал (манба)ни экстремистик деб топиш тўғрисидаги ариза Бош прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга киритилади.
Олий суд томонидан материал (манба)ни экстремистик деб топиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА