Экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахслар ҳимоя қилинади ва рағбатлантирилади
Экстремизмнинг шакл ва кўринишлари тобора ўзгариб, унинг хавфи нафақат диний, балки бошқа экстремистик ғоя ва ҳаракатлар орқали ҳам намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан экстремизмнинг барча кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритилаётганини қайд этди.
Унга кўра, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилмоқда.

Хусусан, бундай ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик киритилмоқда. Такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келади.
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилиб, экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда.
Экстремизмга оид жиноятлар аниқ доирасини белгилаш, экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритиш, хавф-хатарларни мониторинг қилиш ҳамда баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Қонунчиликдаги “диний экстремизм” атамаси “экстремизм” атамаси билан алмаштирилиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашув таъминланмоқда.
Қонун билан экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, Интернет тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситаларида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қўшимча механизмлар ҳам жорий этилмоқда.
Экстремистик ташкилотларни эътироф этиш тартиби ҳамда экстремизмга оид жиноят содир этган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш механизмлари ҳам такомиллаштирилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ўртасидаги ҳуқуқий мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Профилактика ишлари самарадорлиги оширилади ва мамлакатимизда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш кучайтирилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА