Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари Ромитан туманидаги Ромстар” табиий ипак тола тайёрлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган қўшма корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Ҳозирда 40 дан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланаётган ушбу корхонада тайёрланган ипак толалари Вьетнам, Эрон ва Хитой давлатларига экспорт қилинмоқда. 2025 йилнинг ўтган даврида ушбу давлатларга қиймати 2,2 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар етказиб берилган.
Учрашув давомида, ишлаб чиқарувчилар томонидан божхона расмийлаштирувлари билан боғлиқ янгиликлардан хабардор бўлишда сайёр учрашувларнинг аҳамияти катта эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, корхона вакилларига божхона қайта ишлаш божхона режими, тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш ҳамда экспортда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.