Экспортёр корхоналар фаолияти ўрганилди
Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамухамедов томонидан Бухоро вилоятидаги тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини бартараф этиш мақсадида сайёр тартибда ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Сайёр ўрганиш ишлари Бухоро тумани ҳудудида жойлашган, лойиҳа қиймати 80,2 миллион еврони ташкил этувчи “Buxara Varnet” МЧЖ дан бошланди.

Иссиқхона кластери Туркия Республикасининг хорижий инвестициялари эвазига 120 гектар ер майдонида барпо этилган. Биргина, 2023 йил давомида иссиқхона кластерида етиштирилган 813,8 тонна маҳсулотлар қарийб 400 минг АҚШ доллари қийматида экспортга йўналтирилган.

Учрашув давомида, ушбу кластернинг муаммо ва таклифларини ҳал этиш юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, сайёр ўрганиш ишлари хорижий давлатларга тайёр кийим- кечаклар, матолар ҳамда ип-калава маҳсулотларини экспорт қилувчи “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ ҳамда ПВХ паркетлар ва ламинант листлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ғиждувон машҳураси” МЧЖ ларида ҳам ўтказилди.

Учрашувлар давомида божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари ҳақида маълумотлар, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири