Экспортгача фитосанитария назорати таъминланмоқда (+видео)
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси билан дунё бозорига кириб борадиган озиқ-овқат махсулотлари аввало карантин хизмати давлат инспекторлари, махсус лабораториялар кўригидан ўтади. Шундан кейингина маҳсулотга фитосанитария сертификати расмийлаштирилади.
Ҳозир қайси боққа борманг, мевалар йиғиб- териб олинмоқда. Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фитосанитар назорати давлат инспекторлари фаолияти ҳам айни қизиган палла. Улар ишни боғлардан бошлайдилар. Шундан сўнггина мевани қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш жараёнини кузатадилар. Охир- оқибат экспортга юбориладиган қисми яна бир бор улар кўригига тақдим этилади.


– Ҳафтада 2-3 маротаба чиқаётган маҳсулотдан намуна олиб вилоят марказий лабораториясига юборамиз. У зараркунанда ва бошқа касалликлардан холи бўлиши керак, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қува туман бўлими фитосанитар назорати давлат инспектори Муҳаммадяҳё Қўлдошев. – Лаборатория хулосасига асосан биз фитосанитария серитификати расмийлаштириб берамиз. Бундан ташқари, йилда бир марта музлаткичли омборларни зарарсизлантириш ишлари олиб борилади.


2024 йил январ-август ойлари давомида улар томонидан жами 215564 тонна маҳсулот назоратдан ўтказилиб, 17074 та халқаро фитосанитария сертификати расмийлаштирилди. Шундан 15496 тонна гилос, 34880 тонна ўрик, 50861 тонна шафтоли, ва яна олхўри, тарвуз, қовун, помидор, жами 44197 тонна бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сертификатланди. Асосий экспорт бозорлари Россия, Қирғизистон, Афғонистон, Хитой, Туркия ва жами 70 дан зиёд мамлакатдир.

Қува туманидаги “Yingtai Agricultural Food Technology” МЧЖ хорижий корхонаси тўрт йилдан буён фаолият кўрсатади. У асосан ғайноли, ўрик, узум қуритади. 2000 тоннадан зиёд сиғимли музлатгичи ҳам мавжуд. Қуритилган, сараланган маҳсулотлар юз фоиз экспорт қилинмоқда. Масалан, 2023 йил якунига кўра, 500 тонна қуритилган мева экспортга жўнатилган эди. Бу йил у 800 тоннага етиши мўлжалланмоқда. Фитосанитария хизмати давлат назоратчилари корхона билан яқин ҳамкорликда ишлаяпти.


– Йил бошидан буён шу корхонада ишлаб чиқарилган 300 тоннадан зиёд қуритилган олхўри экспорти учун фитосанитария сертификати расмийлаштирилди. Яна майиз, ёнғоқ экспорти учун ҳам лаборатория таҳлиллари ўтказилмоқда, – дейди Муҳаммадяҳё Қўлдошев.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KoekU5w33VA" title="Eksportgacha fitosanitariya nazorati taʼminlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизими мутахассислари вилоятда 74,4 минг гектар майдонда тупроқнинг агрокимёвий харитасини ишлаб чиқдилар. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун 380 та очиқ давра суҳбати ва кўргазмали дала семинарлари ўтказишди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари