Экспортчи тадбиркор янги цех ташкил этмоқда
Навоий шаҳридаги “Навоий цитрус сервис” масъулияти чекланган жамияти иссиқхоналарида етиштирилаётган маҳсулотлар экспортга йўналтирилмоқда.
Навоий шаҳридаги “Навоий цитрус сервис” масъулияти чекланган жамияти иссиқхоналарида етиштирилаётган маҳсулотлар экспортга йўналтирилмоқда.Давлатимиз раҳбари жорий йил 22 декабрда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларига Мурожаатномасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, 2018 йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб номланиши ишбилармонларга янада кенг имкониятлар яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Помидорнинг “Дафнис Ф1” нави парваришланаётган иссиқхоналар шаҳар ҳудудидаги бўш ва қаровсиз ерларда барпо этилган. 6 гектарлик иссиқхонадан яхшигина даромад олинмоқда.
– Дастлаб 3 гектар ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришни бошлаган эдик, – дейди “Навоий цитрус сервис” корхонаси раҳбари Озод Эгамов. – Ташландиқ ерни серҳосил майдонга айлантириб, мўмай даромад ола бошладик. Шу боис, яна 3 гектар ерни ўзлаштириб, тўплаган тажрибамиз асосида помидор экдик. Бунда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят филиалидан олинган 500 миллион сўм кредит маблағи қўл келди. Ўтган қиш мавсумида 114 минг 500 долларлик маҳсулот экпорт қилган эдик. Жорий мавсумда Қозоғистонга 650 минг долларлик, Россияга 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланган.


Эндиликда тадбиркор маҳсулотни қадоқлаш цехи ва уни сифатли сақлаш учун 400 тонна сиғимга эга совутгич барпо этиш борасида иш олиб бормоқда. Бу корхонада ишчилар сонини 50 нафарга етказиш имконини беради.