Экспорт ҳажми камлиги танқид қилинди....
Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.
Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, вилоят ҳокимлигининг гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари, бошқарма ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этган сессияда Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаш, улар ижросини таъминлаш тўғрисида вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг маърузаси тингланди.

Маърузада таъкидландики, Президентимизнинг парламентга мурожаатномасида мамлакатимизни янги босқичда ривожлантиришнинг муҳим стратегик йўналишлари белгилаб берилгани аграр ҳудуд бўлган Сурхондарё вилоятини ҳам иқтисодий-ижтимоий юксалтириб, одамларнинг турмуш даражасини оширишда муҳим ўрин тутади.
Жорий йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“, деб эълон қилингани чуқур билимга эга, юқори салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш, барча соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда юксак самаралар беради. Жумладан, олти ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими йўлга қўйилиши, олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки бараварга қисқартирилиши, давлат грантига талабалар қабули икки бараварга оширилиб, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши, айрим йўналишларда ўқиш муддати уч йил этиб белгиланиши ёш авлоднинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида юз бераётган бу каби янгиланишлар ҳаётимизни тубдан ўзгартириб, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишда ўз самараларини бермоқда. Хусусан, воҳада 2018 йил болаларни мактабгача таьлим муассасаларига қамраб олиш 11,6 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 35 фоизга етди. Йил якуни билан бу кўрсаткич 50 фоизга етказилади.

Вилоятда фаолият юритаётган 920 умумтаьлим мактабида 500 мингга яқин ўғил-қиз таьлим-тарбия олмоқда. Соҳани янада ривожлантириб, таълим сифатини ошириш учун 120 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Бунинг эвазига 137 мактаб тубдан таьмирланади, иккита янги мактаб қурилади. Қатор мактаблар замонавий усулда жиҳозланади. Олтита хусусий мактаб ташкил этилади.
Ўтган йили воҳадаги 76 олис ва чекка ҳудудларда сайёр қабул ўтказилиб, 6 минг 300 фуқаронинг муаммолари тингланди. Уларнинг ижтимоий масалаларини ҳал этиш учун 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 123 километр йўл таьмирланди. Ўттиз километрга яқин сув қувури тортилиб, қатор қишлоқ аҳолиси тоза ичимли суви билан таьминланди. Жорий йилда бу борада амалга ошириладиган ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Сессияда воҳа иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, саноатни ривожлантириб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини кескин кўпайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, воҳанинг туризм салоҳиятини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан унумли фойдаланиш, ишсизлик даражасини кескин камайтириш бўйича белгилаб олинган вазифалар хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди.
– Сурхондарё табиий бойликларга мўл ҳудуд, – деди вилоят ҳокими. – Масалан, бундан икки-уч йил аввал воҳада гранит ёки керамика маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳеч биримизнинг хаёлимизга келмаган эди. Ёки ҳар йили кеч кузда ёқиб юбориладиган ёввойи қамишдан кластер яратиб, рақобатбардош турли тайёр маҳсулот тайёрлашни тасаввур ҳам қилолмас эдик. Вилоят об-ҳавоси экин майдонларидан бир йилда уч-тўрт марта ҳосил олишга қулай муҳит яратган. Бу ҳам экспорт ҳудуднинг экспорт ҳажмини оширишга қулай имконият-ку! Лекин, ўтган йили йирик майдонларда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирган 897 иссиқхонадан 3 миллион доллар қийматидаги маҳсулот хорижга юборилганини қандай изоҳлаш мумкин? Бу йил бу борадаги ишлар тубдан ўзгармаса, тегишли мутасаддиларга қатьий чоралар кўрилади.
Сессияда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, улар дуч келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда ўтган йили амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар, шунингдек, вилоят бюджетининг 2020 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисидаги масалалар юзасидан вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ш.Ходжанов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмуратов, вилоят прокурори С.Турдиев, ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоилов, Бош Вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири А.Алламуродов ҳамда молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Хурсановнинг ахборотлари тингланди. Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳамда доимий комиссияларининг 2020 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев сўзга чиқди.