Экспертиза ва патентлашга оид илмий-амалий семинар
Гулистон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси билан ҳамкорликда “Ихтиро ва фойдали модель талабномасини тайёрлаш, иш юритиш ва экспертиза жараёнини патентлашга оид турли саволлар бўйича асосий тушунчалар ва амалий тавсиялар” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда мазкур университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори З. Зикрияев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси директори Б. Сагдуллаев, бўлими бошлиқлари С. Раҳмонов, И. Абдуқодиров, Э. Нишоновлар кун тартибидаги мавзу юзасидан маърузалар қилишди.

“Интеллектуал мулк маркази” марказини ташкил қилишдан асосий мақсадлар, мамлакатнинг интеллектуал мулк соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, интеллектуал мулк соҳасида мутахассислар билим даражасини ва уларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш, омма ўртасида интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ихтирочилик фаолиятини рағбатлантириш ҳамда илмий-техник ижод, ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, фойдали моделга ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабнома шартлари, саноат мулки объекти устуворлиги, патент олиш ҳуқуқи патент бериш ҳақидаги талабномани Вазирликка биринчи бўлиб топширган шахсга тегишли бўлиши, ихтиронинг ва фойдали моделларнинг патентга лаёқатлилик шартлари, саноат мулки объектининг ҳуқуқ субъектлари, патент эгасининг саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

– Семинарда муаллифлик ҳуқуқи объектларини депонентлашда олиб борилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги фармонига мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг Ягона базасида сақланиши ва бошқа долзарб масалалар тўғрисида сўз юритилди, –дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси директори Б.Сагдуллаев. –Ўйлайманки, семинарда муҳокама қилинган масалалар ниҳоятда фойдали бўлди.

Илмий-амалий семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири