Бугунги кунда ҳар бир ҳудудда турли қурилиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Қурилиш компаниялари, тадбиркорлар замонавий кўринишдаги бино ва иншоотларни барпо этмоқда. Аммо қурилиш жараёнлари экологияга, табиатга, яшилликка рахна солмаслиги керак. Бу борада мамлакатимизда турли чора-тадбирлар кўрилмоқда, дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинган.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда девелопер Тошкент шаҳрида уй-жой қурилишини амалга ошириш жараёнларида дарахтлар халақит қилаётганини айтиб, уларни кесишга чекловни олиб ташлашни таклиф қилди. Тадбиркорнинг фикрига кўра, барибир дарахтлар кесилаётган эмиш. Шу сабабли кесиладиган дарахтларнинг ўрнига аввалдан бир неча карра кўп дарахт экилиши кераклигини билдирди.
Тадбиркорнинг ушбу таклифи кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси ва депутатлари тезкорлик билан ўз муносабатини билдирди. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Абдуллаев қуйидагиларни маълум қилди:
“Сув танқислиги ва глобал иссиқлик каби муаммолар юртимизда кун сайин сезиларли тус олаяпти. Бу ҳолатда келажак авлод учун ҳар бир дарахтни асраб қолишимиз ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Битта дарахтни катта қилиб ўстириш учун камида ўн йиллаб вақт, сабр ва доимий парвариш талаб этилади.
Ҳар бир етук дарахт кислородни чиқариш орқали ҳавони тозалаши, шовқин даражасини пасайтириши, ҳароратни тартибга солиши, тупроқ эрозиясининг олдини олиши каби вазифаларни бажаришини наҳотки девелопер билмаса!?
Шу билан бирга, мораторий бежизга эълон қилингани йўқ. Агар у жорий этилмаганида, бугунги кунда биз чўлда қолган бўлар эдик. Мораторийнинг аҳамияти жуда катта — айрим ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларидан ташқари, ушбу чора-тадбир туфайли 98 фоиздан ортиқ дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмади.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида дарахтларни кесиш бўйича келиб тушган 3 минг 235 та ариза рад этилгани натижасида 453 минг 238 та дарахтни кесишнинг олди олинди. Рад этилган аризаларда кўрсатилган дарахтлар орасида 86 минг 309 таси қимматбаҳо навларга мансуб экани маълум қилинди.
Сўнгги пайтларда “қайта экиш” номида кўчирилаётган ёки янги экилган кўчатларнинг аксарияти кўкармаётгани, қуриб қолаётганини жамоатчилик кўриб, кузатиб турибди. Бу каби тадбирлар, табиатни асраш эмас, аксинча, фақат дарахтларни йўқ қилиш орқали экологияни янада ёмон аҳволга солаётганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, бу каби ёндашув нафақат экологик мувозанатга, балки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мустаҳкамланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тамойилларига мутлақо зид ҳисобланади. Агар ҳар ким дарахтни ўз ҳудудидаги тўсиқ сифатида кўриб, уни кесишни “муқобил экиш” билан алмаштирса, бу – табиатга қарши очиқчасига тажовуз, яъни экологик жиноят саналади.
Ривожланган мамлакатларда ноқонуний кесилган ҳар бир дарахтнинг ҳатто сантиметри учун молиявий жавобгарлик белгиланган. Айрим ҳолларда девелопердан ерни қайтариб олишгача борилади, дарахтларни кесиш эмас, ҳаттоки шикастланган ва қуриб қолиш хавфи остидаги дарахтларни “тирилтириш” бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундай ёндашувлар табиатни муҳофаза қилишда самарали натижа бермоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борада кескин чоралар кўриш, қонунчиликка ана шундай таъсирчан механизмларни жорий этиш вақти етиб келди.
Биз, Экопартия депутатлари тадбиркорларнинг бу каби табиатга бешафқат муносабатлари ва таклифларига мутлақо қаршимиз. Бу каби чуқур таҳлил қилинмасдан билдирилган таклифлар келгусида табиатга бефарқлик билан ёндашиш ва экологик барқарорликка таҳдид солувчи ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Шуни қатъий таъкидлаймиз: ҳар қандай ривожланиш, бунёдкорлик ва реконструкция ишлари экологик манфаатлар ҳисобига эмас, улар билан мувозанатда олиб борилиши лозим.
Қонунчилик ташаббуси сифатида реновация лойиҳасини амалга оширишда зарар етказилиши мумкин бўлмаган объект сифатида мораторий эълон қилинган дарахт ва буталарнинг жойлашган жойини қонуний мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қиламиз.
Экопартия #men_daraxt_kesilishiga_qarshiman хештеги остида она табиатимизни асраш бўйича акцияларини ўтказади ва уларда барча фаол фуқароларимизни иштирок этишга чақириб қоламиз” дейилади партия депутатининг муносабатида.
Дарҳақиқат, экологик тажовузлар ортиб бораётган бугунги кунда юртимизда яшил майдонларни кенгайтириш, яшиллик даражасини кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Экологик масалаларни юмшатишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда мораторийни бекор қилиш таклифи ачинарли ҳолат. Бугун Экопартия депутати муносабатида қайд этилганидек, сув танқислиги оқибатида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш, янги ниҳолларни кўкартиришнинг ўзи амримаҳол бўлиб қолмоқда. Шундай экан, тадбиркорнинг ушбу таклифига нисбатан билдирилган муносабат жуда ўринлидир.
Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА