Экология ва соғлом турмуш форуми
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида Қарши шаҳрида Президентнинг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган аёллар экофоруми ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Экология ва саломатлик аёллар клуби” ҳамда “Ёш экологлар қаноти” аъзолари, талабалар, партия фаоллари, вилоятдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида қатор спорт тадбирлари ўтказилди. Жумладан, “5000 қадам” акцияси ташкил этилди. “Нуронийлар маскани”дан старт берилган юриш марафонида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 250 нафардан ортиқ экофаоллар иштирок этди. Юриш давомида иштирокчилар аҳолига соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятнинг аҳамияти борасида тарғибот ишларини олиб борди.
Шунингдек, ёш рассомлар асарларидан иборат кўргазма намойиш этилди. Тадбир ёшлар ўртасида экологик саводхонликни ошириш, табиатга бўлган муносабатни мустаҳкамлаш ва иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилди.
Форум доирасида “Табиат учун бирлашайлик!” шиори остида веломарафон ҳам ўтказилди. 3 километр масофада ташкил этилган велойўлда 200 нафардан зиёд ёшлар, хотин-қизлар ва спорт ишқибозлари иштирок этди.
Бундан ташқари, волейбол, теннис, шахмат ва шашка бўйича спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Уларда Олий таълим муассасалари талабалари, Ёш экологлар қаноти аъзолари, партия ходимлари ва спорт мактаблари ўқувчиларидан иборат 200 нафардан ортиқ иштирокчи беллашди. Ғолиблар ва совриндорлар партиянинг вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.
[gallery-26377]
Тадбирнинг асосий қисми “Нуронийлар маркази” биносида бўлиб ўтди. Унда маҳаллий экологик ташаббуслар, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Спикерлар аёллар экофоруми жамиятда экологик маданиятни юксалтириш ва янги ташаббусларни илгари суришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шу куни форум иштирокчилари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Алишер Навоий номли истироҳат боғида кўчат экиш акциясида ҳам иштирок этди. Акция давомида 200 дан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Форум иштирокчилари учун вилоятдаги тарихий обидаларга саёҳат ҳам ташкил этилди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА