Экология тизимида муаммолар кўпми?
ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?
Мамлакатимизда дарахтлар кесилиши энг оғриқли ва айни пайтда унга қарши амалдаги кураш услублари етарли бўлмаётган масалалардан биридир.
Маълумки, соҳада йўл қўйилган камчиликлар сабабли, ўтган йили экология соҳасида кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани аниқланган. Жумладан, ҳудудларда «яшил майдон"лар 3−4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетган. Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошгани, ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши оқибатида салбий ҳолатлар юзага келган.

Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келиши кузатилган. Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган.
Хўш, бу муаммоларни яқиндагина Давлат экология қўмитасига раис бўлган Нарзулло Обломурадов еча оладими?
Давлат экология қўмитасининг телеграм каналида эълон қилинган маълумотларга таяниб, қўмита раиси Н.Обломурадовнинг бир ҳафталик фаолиятига назар солдик.
Қўмита маълумотларига кўра, жорий йил 25 январь раис Обломурадов ҳудудий бўлинмаларининг матбуот хизмати ходимлари, соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда матбуот хизматларининг журналист ва блогерлар билан ҳамкорлиги, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фикрларини эътиборга олган ҳолда тақдим этиладиган маълумотларнинг сифат даражасини ошириш билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинган.
Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказишда жарималар белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳафта давомида яна шу каби қонун бузилишларга йўл қўйилган.

28 январь куни Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида экологик рейдга старт берилган.
Н.Обломурадов бошчилигида Экология ва Экопатрул инспекторларига ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар билан танишган.
Рейд давомида қўмита раиси иштирокида пойтахтнинг Учтепа, Олмазор, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Миробод, Яккасарой, Юнусобод каби туманларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммолар аниқланган ва тегишли чоралар амалга оширилган.
29 январь куни Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов Самарқанд шаҳридаги Имом ал-Бухорий мажмуасининг янги лойиҳаси ва ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишган. Қўмитанинг ташаббуси билан мазкур мажмуа атрофида ўртача 25 гектар ер майдонда яшил ҳудуд барпо этилиб, чет элдан келтирилган паст бўйли қимматбаҳо турдаги манзарали ва бутасимон дарахтлар экиш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов Самарқанд вилояти ИИБ патруль пост хизмати биносида экопатрул ходимлари билан учрашган.
Учрашувда жойларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан масъулларга вазифалар белгилаб берилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқлар орқали давлат захира еридан 60м³ юлғун ўсимлигини ноқонуний равишда олиб кетиш, дарахтларни ноқонуний кесилиши оқибатида табиатга етказилган зарар ва безак сифатида фойдаланилган тирик балиқларга оид маълумотлар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин мазкур лойиҳа асосида қуйидаги материаллар эълон қилинган эди:
Бир ҳафтадан буён лой кўчаларни кезиб юрган вазир
КУНУ ТУН ИШЛАГАН ВАЗИРЛИК
Вазирнинг биринчи ўринбосари ўтган ҳафта қандай юмушлар билан банд эди?
Вазир ярим тунда аҳоли хонадонларига кириб, иссиқлик таъминотининг сифати билан танишди
Бухоро — Навоий чўлларини бир ҳафтадан буён битта вазир кезиб юрибди
Муҳайё Тошқораева, ЎзА