Экология – чегара билмайдиган умумий масъулият
Қашқадарёнинг бетакрор табиати, тоғу тошлари ва сўлим гўшалари бағрида ёшларни бир эзгу мақсад атрофида бирлаштирган халқаро тадбир ўтказилмоқда. Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” болалар оромгоҳи бугун нафақат юртимизнинг, балки қатор хорижий давлатларнинг экофаол ёшларини ҳам бир даврага жамлаган. 10-15 август кунлари бу ерда “Ёшлар – келажак бунёдкорлари” V халқаро экология қурултойи бўлиб ўтмоқда. Унда Россия, Озарбайжон, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 800 нафарга яқин ёш иштирок этяпти.
Тадбирнинг дастлабки куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 35 туп дарахт экиш акцияси билан бошланди. Бу рамзий тадбир ёшларнинг Ватанга меҳри ва табиатга муносабатини бир нуқтада уйғунлаштирди.
Шундан сўнг делегациялар ўзларини турли кўргазмали чиқишлар орқали таништирди. Эътиборли жиҳати, чиқишларда ҳар бир жамоа ўз юртига хос анъана ва маданиятни намоён этиш билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган экологик ғояларни ҳам илгари сурди.
Қурултой давомида ёшларнинг билим ва иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилган. Дастурдан турли танлов ва мусобақалар, тақдимот ва кўргазмалар, учрашувлар, плоггинг акциялари, экологик лойиҳа ва амалий тадбирлар ўрин олган.
[gallery-30855]
Хусусан, “Энг яхши экологик лойиҳа”, “Энг яхши “Ёш экологлар” ҳаракати Кенгаши”, “Эко-заковат”, “Қувноқлар ва зукколар” халқаро мусобақалари ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Аслида, бу каби тадбирларнинг аҳамияти фақат танлов ва мусобақалар билан чекланмайди. Турли давлатлардан келган ёшларнинг бир майдонда учрашиши, ўзаро тажриба алмашиши ва умумий муаммолар ҳақида фикр юритиши экологик масалаларга чегара билмайдиган ёндашув зарурлигини кўрсатмоқда.
Озарбайжон делегацияси аъзоси Бахтиёр Гулизода ҳам бу жиҳатни алоҳида таъкидлайди.
– Қурултойнинг аҳамияти нафақат Озарбайжон, балки атрофдаги мамлакатлар учун ҳам муҳим. Чунки барчамизга хос бўлган экологик муаммолар бор. Уларни ҳал этишда ёшларнинг масъулияти катта. Бу ерда турли давлатлардан келган ёшлар бир жойга тўпландик. Умумий тушунчаларимиз, тадбирлардаги иштирокимиз экологик муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйлайди, – дейди у.
Унинг фикрича, қурултой доирасида ташкил этилаётган семинар ва муҳокамаларда экологик муаммоларга амалий ечимлар изланмоқда. Энг муҳими, бу ерда билдирилаётган ғоялар келгусида ёшлар ўртасида кенг татбиқ этилиши мумкин.
Туркиялик ёш Шабнам Шан учун эса қурултой экологик билим ва тажриба билан бир қаторда, янги дўстлар орттириш имкониятини ҳам бермоқда.
– Ўзбекистонга илк бор келишим. Бизга кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва эътибордан жуда мамнунман. Ўзимизни гўё ўз уйимиздагидек ҳис қиляпмиз. Бу ерда Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардан келган ёшлар билан танишдик. Вақтимиз мазмунли ўтмоқда. Миллий таомларингиздан татиб кўрдим. Бу сафар менда жуда яхши таассуротлар қолдирмоқда, – дейди Шабнам Шан.
Андижонлик ёш Диёра Қурбоналиева эса мазкур тадбирни янги билим ва кўникмалар мактаби сифатида баҳолайди.
– Биз бу ерга дам олиш учун эмас, янги билим ва кўникмалар орттириш учун келдик. Қурултой давомида олган билимларимизни вилоятимизга қайтгач ҳам амалиётда қўллаш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Табиатни севиш ва асраш ҳар бир ёшнинг аниқ мақсадига айланиши керак, – дейди у.
Қурултой иштирокчисига, айниқса, “Экофеш” лойиҳаси маъқул келган. Унда ёшлар ўз қўл меҳнати билан тайёрлаган, табиат ва экологик мавзулар билан уйғун либосларини намойиш этмоқда. Заковат ўйинлари, турли лойиҳалар ва амалий тадбирлар ҳам ёшларнинг қизиқишини янада оширмоқда.
Шу маънода, Шаҳрисабздаги халқаро экологик қурултойни шунчаки навбатдаги тадбир эмас, балки турли давлатлар ёшларини умумий мақсад – табиатни асраш ва экологик барқарор келажакни таъминлаш ғояси атрофида бирлаштираётган майдон, дейиш мумкин.
Зеро, табиатнинг тақдири бир мамлакат ёки бир ҳудуд доирасида ҳал бўлмайди. Бугун экилган ҳар бир ниҳол, билдирилган ҳар бир экологик ғоя, амалга оширилган ҳар бир эзгу ташаббус келажак авлод учун қоладиган умумий меросдир.
Шу боис қурултойнинг асосий мақсади ҳам ёшларни экологик жараёнларга фаол жалб этиш, уларнинг истиқболли ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим излашдан иборат.
Энг муҳими, бу ерда турли тил ва маданият вакиллари бир мақсад йўлида бирлашмоқда. Бу эса экологик масъулият ёшлар қалбида шаклланиб, эртанги куннинг муҳим қадриятига айланаётганидан далолатдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AkAakV5n6sU" title="Ekologiya — chegara bilmaydigan umumiy mas’uliyat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари