Экологик хавфсиз лойиҳалар амалда
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқейини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шуни инобатга олиб сўнгги йилларда мамлакатимизда инновацион тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг ўтган йил 6 июлда қабул қилинган “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида бу борада аниқ вазифа ва мақсадлар белгиланган. Инновацион ҳудудлар кесимида ҳудуднинг муаммолари ечимига қаратилган стартап лойиҳалар очиқ танлови бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фарғона вилоятида Олтиариқ тумани инновацион ҳудуд сифатида белгиланиб, ўтган даврда кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Бу ерда юқори самарадор инновацияларни жорий этиш асосида ушбу ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, юқори технологик янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва ҳудудни комплекс инновацион ривожлантириш борасида муайян ишлар йўлга қўйилди.

“Фромода текстил” масъулияти чекланган жамиятида “Сув асосли гул босиш бўёқлари билан ресурс тежамкор, экологик хавфсиз трафарет гул босиш ("Карусел") технологиясини татбиқ этиш” стартап лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада гигиеник-эксплуатацион хоссалари юқори бўлган ва халқаро талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

– Ушбу лойиҳани амалга ошириш орқали ҳудудда жойлашган аҳоли ва кичик бизнес вакилларига хизмат кўрсатиш асносида экологик хавфсиз бўёқлар билан трафарет усулида трикотаж мато ва маҳсулотларга гул босиш технологияси жорий этилди, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси инновацион ривожланиш шўъбаси мудири Ўктамжон Қодиров. – Маҳсулот сифатининг яхшиланиши ҳисобига эса кичик бизнес вакиллари даромади 3 баробарга ортди. Шунингдек, ISO 9001:2015, ISO 14001:2015 халқаро стандарти талабларига мувофиқ экологик менежменти ҳамда ISO 45001:2018 халқаро стандарти талабларига мувофиқ соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги бошқарув тизими жорий этилди.

Экологик хавфсиз, саломатлик учун зарарсиз ва экспортбоп маҳсулотга қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Зеро, мазкур лойиҳада нархнинг бирмунча арзонлиги, шунинг баробарида сифатнинг юқорилиги бош мақсад қилиб олинган.
– Маҳсулотлар сифати жаҳон стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бугунги кунда МДҲ мамлакатлари, Россия ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Шу кунгача 2 миллиард 796 миллион сўмлик маҳсулотлар сотилди, – дейди “Фромода текстил” масъулияти чекланган жамияти менежери Собиржон Абдураҳимов. – Шунингдек, “Тўқимачилик материалларини босиб чиқариш учун композиция” ихтироси учун IAP 2022 0644 ихтиро патентини ҳам қўлга киритдик.
М.Сулаймонов,
ЎзА