Экологик муаммолар “гирдоби” кенгаймоқда
Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида “Экологик муаммолар олимлар нигоҳида” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Экопартия фаоллари ва депутатлари, Олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашган тадбирда табиати ўзгарувчан, чўлланишга ўта мойил Бухоро вилоятидаги мавжуд экологик муаммолар ҳақида сўз борди. Соҳада илмий асосланган тадқиқотларни амалиётга татбиқ қилиш, истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Аҳамиятлиси экология ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг таклифлари умумлаштирилиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экопартия фракциясига тақдим этилади. Мавжуд экологик муаммолардан келиб чиқиб экологияга оид турли масалалар Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритилади.
[gallery-10454]
– Дарҳақиқат иқлим ўзгариши, атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларга беписанд муносабатда бўлиш Орол денгизи қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммолар барчани бирдек ташвишга солмоқда, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. –
Бугунги кунда сув ҳавзалари нафақат инсониятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, балки ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ўзига хос яшаш муҳити сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ер юзида катта майдонни эгаллашига қарамасдан сув ҳавзаларидан охирги йилларда саноат ҳамда хўжалик эҳтиёжлари учун кенг фойдаланиш уларга бўладиган турли таъсирлар кўламининг кенгайишига ва уларни халқаро миқёсда муҳофаза қилишга эҳтиёж туғдирди.
Шу асосда 1971 йилнинг 2 февралида Эроннинг Рамсар шаҳрида “Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисида” ги Конвенция қабул қилинди. Мазкур Конвенциянинг мақсади инсон ва унинг атрофини ўраб турган муҳитнинг ўзаро боғлиқлигини ҳамда сувли-ботқоқ ерларнинг иқтисодий, маданий ва рекреациявий аҳамиятини ҳамда сувда сузувчи қушлар ва уларнинг муҳофазасига халқаро ресурс сифатида қаралиши лозимлигини тан олган ҳолда узоқни кўзлаган миллий сиёсат билан халқаро ҳаракатлар мувофиқлаштирилишини таъминлашдан иборат.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўзаро мулоқотнинг асосий масалаларига ўтишдан аввал 2 февраль “Сувли-ботқоқ ерлар куни” нинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда экилаётган кўчатларнинг парвариши, суғориш тизимларини такомиллаштириш, бу борада масъулларнинг масъулиятини янада ошириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.
– Биологик хилма-хилликнинг камайиши олдини олиш мақсадида ҳайвонларни овлашга мораторий жорий этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади, – дейди вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Муроджон Умаров. – Табиатга етказилаётган зарар инсонга етказилаётган зарар сифатида қабул қилинмас экан, экологик муаммолар келажакка хавф солишда давом этади. Яъни, экологик муаммоларни дунё ҳамжамияти биргаликда бартараф этишга киришсагина бугунги ва келажак авлодга соғлом табиий муҳитни асраб-авайлаган бўламиз.
Олий таълим муассасалари олимлари томонидан вилоятнинг чўл ҳудудларидан кириб келаётган чанг ва туз бўронларининг олдини олиш мақсадида кўнгиллилар иштирокида саксовул уруғларини териш ҳамда кенг жамоатчилик билан саксовул уруғлари ва кўчатларини белгиланган жойларга экиш бўйича “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида “Юртимизни яшилликка қоплаймиз” лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Лойиҳани кўнгиллилар, фаол талабалар иштирокида амалга ошириш бўйича мутасадди ва ташаббускорларнинг вазифалари белгилаб олинди.
Зариф Комилов,
ЎзА