
Шу йил 15 май куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим ҳужжат бўлди. Қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланиб, унда бир қатор муҳим мақсад-вазифалар ўрин олди.
Айни кунларда мазкур қарор ва Концепция мазмун-моҳиятини тарғиб этишга қаратилган тарғибот тадбирлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган қўшма йиғилиш ҳам ушбу қарорда белгиланган вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Йиғилишда қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарордаги ҳар бир вазифа мамлакатимизда барқарор экологик муҳитни таъминлашда муҳим дастуриламал бўлади.

Бугунги кунда экология йўналишида юзага келаётган муаммоларнинг деярли барчасига экологик маданиятнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Ушбу қарорда эса экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган аниқ вазифа ва ечимлар масъуллари ҳамда амалга ошириш муддати билан белгилаб берилган. Экологик маданиятни инсон онгига болаликдан, боғча ва мактаб ёшидан сингдириб бориш зарурлиги айтиб келинади. Қарорда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Хусусан, 2030 йилгача 3,3 миллион мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятнинг шаклланиши, 4,2 миллион умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши ўз аксини топган.
Йиғилиш иштирокчилари мазкур қарор ижросини таъминлашда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда муайян вазифаларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаб, келгусидаги вазифаларни белгилаб олдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА