Экологик дипломатия ва ёшлар ташаббуси
Бугунги экологик шароитда яшил келажак сари ҳамкорликларни кучайтириш, аҳоли ва ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этади. Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда турли кўринишдаги тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Экологик партияси, Халқаро ёшлар экологик қўмитаси ҳамда Ёшлар парламенти ҳамкорлигида “Яшил келажак: Экологик дипломатия ва ёшлар ташаббуси” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир экологик муаммоларга бефарқ бўлмаган, келажак учун масъулиятни ҳис этадиган ёшларни бир майдонга жамлади. Мулоқот давомида экологик маданиятни шакллантириш, ёшларнинг глобал экологик жараёнлардаги ўрни, шунингдек, атроф-муҳитни кўринмас хавфлардан асраш каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар экологик дипломатиянинг бугунги кундаги аҳамияти, ёшлар ташаббусларининг жамият тараққиётидаги ўрни ҳамда ҳар бир фуқаронинг экологик масъулияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Айниқса, “Кичик батарейка — катта хавф: Атроф-муҳитни "кўринмас" заҳарланишдан асраш” маърузаси орқали атроф-муҳитга зарар етказувчи омиллар ҳақида кенг тушунтиришлар берилди.
Учрашувда иштирокчилар яшил келажак учун бугундан ҳаракат қилиш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ўзаро фикр алмашди.
М.Комилова,
ЎзА