Экоаудит атроф-муҳит муҳофазаси кафолати
Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар каби атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар барқарор ривожланиш кафолати бўлмоқда.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ишлаб чиқариш жараёнини экологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, экологик аудит ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиб, хусусий аудиторлик фаолиятини жонлантириш лозимлиги алоҳида таъкидлангани диққатга сазовордир.
Ўзбекистонда экологик аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларнинг айрим нормаларида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Экологик аудит тўғрисида Низом”да белгиланган. Лекин айтиш жоизки, амалдаги ҳуқуқий хужжатлар тарқоқ ҳамда қатор нормалар ҳавола хусусиятга эга эканлиги, соҳани тизимли тартибга солишнинг хуқуқий механизмлари белгиланмаганлиги туфайли мамлакатимизда экологик аудит фаолияти ривожланган давлатлар даражасидан паст кўрсаткичларда қолмоқда. Шунингдек, экологик аудит ўтказган хўжалик юритувчи субъектлар учун рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги ҳам ушбу тадбирни амалиётда кенг қўллашга тўсқинлик қилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда республикамизда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи 90 та биринчи ва 947 та иккинчи тоифадаги хўжалик юритувчи субъект мавжуд бўлиб, 2019 йилда улардан атиги 558 таси ваколатли органлар томонидан ифлосланиш манбалари мониторинги билан қамраб олинган.
Ваҳоланки, дунёнинг аксарият давлатларида атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан оқилона фойдаланишни назоратга олиш мақсадида таъсир этувчи барча хўжалик юритувчи субъектларга экологик назорат институтининг нодавлат, мустақил махсус тури - экологик аудит қўлланилади. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Италия, Швеция, Нидерландия каби давлатларда экологик аудиторлик фаолияти алоҳида қонун хужжати билан тартибга солинган. Франция ва Норвегияда эса экологик аудит ишлаб чиқариш хавфсизлигини текшириш ва давлат органларига хавфсизликни таъминлаш, хавфларни ўрганиш бўйича тегишли чора-тадбирларни қабул қилишда ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳамда кўчмас мулкни сотиб олиш мақсадларида жорий этилган.
Бундан ташқари, 1991 йилдан буён кўп мамлакатларда тижорат банклари экологик аудитни бериладиган банк ссудалари бўйича келажакда тўлов қобилиятига эга бўлмайдиган банк мижозларини олдиндан аниқлаш мақсадида фойдаланишни бошлаган. Бу орқали атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликга риоя қилмаган корхоналарга нисбатан молиявий чоралар кўрилади.
Халқаро амалиётда аудиторлик текширувининг ижобий натижалари корхонанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини режалаштириш, тежамкор технологияларни танлаш, экологик бошқарув тизимини тўғри ва мақсадли ташкиллаштириш имконини яратади.
Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, экологик аудит барча саноати ривожланган мамлакатларда амалда мустаҳкам хуқуқий асосга эга. Ривожланган давлатлар қонунчилигини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, зарур ҳуқуқий база, хусусан, ихтисослашган яхлит қонуннинг йўқлиги экологик аудит хизматини тизимли жорий этишда муайян муаммоларни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Экологик аудит тўғрисида”ги Конуни мамлакатимизда экологик аудит соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятли. Қонун давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, экологик аудитни тартибга солишда халқаро тажрибаларни ва стандартларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Хуқуқий хужжат кенг жамоатчиликнинг мухокамаларидан ҳам ўтказилган.
Эътироф этиш жоизки, қонун Президентимиз томонидан илгари сурилган Норма ижодкорлигини ривожлантириш Концепцияси талаблари асосида ҳаволаки нормалардан ҳоли, тўғридан-тўғри ишловчи моддалардан иборат ҳолда ишлаб чиқилган. Шунингдек, соҳани ривожлантиришда бюрократик тўсиқларни келтириб чиқарувчи нормалар, хусусан фаолиятни лицензиялаш ўрнига шаффоф механизм, яъни давлат реестрга киритиш орқали жорий этилмоқда.
Қонун хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзини ўзи назорат қилишнинг энг самарадор услуби – экологик аудит ҳисобига атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифадаги хўжалик юритувчи субъектларни давлат органлари аралашувисиз экологик назорат билан тўлиқ қамраб олишга имконият беради. Бу эса, ўз навбатида, йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг атроф табиий муҳитга таъсир даражаси ҳақида тўлиқ ва объектив маълумотларга эга бўлиш имконини яратади.
Хўжалик юритувчи субъектлар ўзини ўзи назорат қилишининг энг самарадор услублигини инобатга олиб, ихтиёрий равишда экологик аудит ўтказишни рағбатлантириш мақсадида, экологик аудит субъекти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ фаолият юритаётгани аниқланган тақдирда бир календарь йили давомида махсус ваколатли давлат органи текширувига тортилмаслиги белгиланмоқда.
Мустақиллик принципини таъминлаш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида экологик аудитни айрим тоифадаги шахслар томонидан амалга оширишни таъқиқлаш нормаси ҳам инобатга олинган. Демократик тамоиллар асосида соҳадаги тадбиркорлик субъектларига жамоат бирлашмаларини тузиш хуқуқи берилмоқда ва уларга соҳани бошқариш ва ривожлантиришга кенг имкониятлар берилмоқда.
Қонун ваколатли давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари устидан доимий экологик текширувларини кескин қисқартириш, барча корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсири даражаси тўғрисида тўлиқ ва объектив маълумотларга тизимли равишда эга бўлиш ҳамда экологик аудит хизматини ривожлантиришнинг хуқуқий асосларини белгилаб бермоқда.
Хулоса қилиб айтганда, янги хуқуқий хужжатнинг амалиётга кенг татбиқ этилиши мамлакатимизда экологик аудит соҳасидаги янги хизматлар бозорини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектларининг фаолиятини давлат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган текширишларни фақат қонун доирасида ўтказиш ва шу боис текширишлар сони кескин камайишига, пировард натижада эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда фуқароларга қулай ва хавфсиз атроф-муҳит яратилишига хизмат қилади.
Моҳира ХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси.
ЎзА.