“Эко боғ” сўлим жойга айланди (+видео)
Мустақиллигимизнинг қутлуғ 34 йиллик айёми олдидан “Эко боғ” яна ўз фаолиятини бошлади. Очилиш тадбирида жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъул мутасаддилари, маъмурий корхона ва ташкилот, идоралар ходимлари, халқ хўжалиги турли жабҳаларида меҳнат қилаётган юртдошларимиз, ҳарбийлар, ёшлар, эртамиз эгалари қатнашди.
Бухоро халқаро аэропортига яқин манзилда, қарийб 4 гектарга яқин майдонни эгаллаган мазкур истироҳат боғи кейинги йилларда бироз эътибордан четда қолганди. Вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик ташаббуси билан кейинги ойларда бу боғда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Юртдошларимизга сўлим, баҳаво масканда мириқиб ҳордиқ чиқаришлари, оилавий сайр қилишлари учун зарур шарт-шароит яратилди.
Мазкур “Эко боғ” очилиши муносабати билан унда маданий-маърифий, ҳарбий-спорт ва кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтди. Жумладан, меҳнат ва бандликка кўмак бериш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси, ёшлар ижоди ва иқтидорини намоён этадиган “Баркамол авлод” марказлари тўгараклари ёш истеъдод эгалари ижодий маҳсулотлари, олий таълим муассасалари илмий ишланмалари, олимлар ва иқтидорли талабалар инновацион кашфиётлари ва маҳаллий маҳсулотлар, шунингдек, арзонлаштирилган китоб ва ўқув қуроллари кўргазмалари, ҳарбийлар томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, халқ амалий санъатининг турфа ҳунармандчилик намуналари, каштадўз, зардўз чеварлар, ҳолвапаз-қандолатпазлар, қолаверса, алоҳида безатилган маҳаллалар павильонлари ҳеч бир юртдошимизни бефарқ қолдирмади.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, вилоят жамоатчилиги, барча бухороликлар ва ёшларни мамлакатимиз мустақиллиги арафасида ишга туширилаётган сўлим маскан, юртдошларимиз эмин-эркин оилалари, фарзандлари билан сайр қилиб, кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган боғ билан муборакбод этди.
[gallery-24983]
– 2025 йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорда 2030 йилда 3,3 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятни шакллантириш мақсад қилинган. Шунингдек, 4,2 миллион нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбияни мустаҳкамлаш, экологик маданиятни юксалтириш кўзда тутилган. Жорий йилдан бошлаб ҳар йили аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ўқувчи-ёшлар ўртасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати ҳамда ҳар ойда бир маротаба “Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз” шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказилади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Жаҳонгир Шарипов.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RAoiKofh9Mc" title="“Eko bog‘” so‘lim joyga aylandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари.