Экилган ҳар бир кўчат назоратга олинади
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани экологик муаммоларга қарши курашиш ва табиатни асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини исботидир.
Шу боис, Қашқадарё вилоятида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Қарши туманидаги Янги Хонабод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Қарши-Шаҳрисабз йўлининг ҳар икки томонига лойиҳа доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилди.
Ушбу эзгу ташаббусда вилоят ҳокими М.Азимов ва Қарши туман ҳокими З.Алиқулов ҳам иштирок этиб, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
[gallery-21356]
Масъулларнинг хабар беришича, бугуннинг ўзида ушбу катта йўл ёқасига 33 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган. Ҳашарда барча ташкилотлар ходимлари, фаол ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қалб амри билан иштирок этмоқда.
Бу ишларга ҳамоҳанг равишда Янги Хонабод маҳалласидаги беш гектар майдонда “Ёшлар боғи” ташкил этилиб, у ерга ҳам 5 минг 200 туп ҳар хил турдаги кўчат экиш ишлари бошлаб юборилган.
Вилоят раҳбари кўчат экиш ишларида иштирок этар экан, келгусида экилган ушбу кўчатлар томчилатиб суғориш технологиялари орқали парвариш қилиниши ва экилган ҳар бир кўчат назоратга олинишини таъкидлаб ўтди.
Лойиҳа доирасидаги ишлар вилоятнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири