ЕИ ёки ЕОИИ: Арманистонга танлаш учун бир ой етадими?
Россия Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга ташқи сиёсат йўналиши - Европа Иттифоқи ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасида қарор қабул қилиш учун тахминан бир ой вақт берди. Агар Ереван РФ таклифини рад этса, Москва босимнинг “иккинчи, янада жиддий босқичи”га ўтиши мумкин, дейилган Арманистонда чиқадиган “Hraparak” газетаси тарқатган хабарда.
Манбалар вазиятнинг бир неча эҳтимолий ривожини келтирган. Масала Арманистон ҳукумати доирасида муҳокама қилинмоқда.
Биринчи тахмин Россияда ишлайдиган Арманистон фуқаролари билан боғлиқ. Яъни, Москва арман меҳнат муҳожирларига нисбатан тартибни кучайтириши ва уларнинг оммавий депортациясига йўл очиши мумкин. Газета юз минглаб ишсиз фуқаро Арманистонга қайтиши жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммо келтириб чиқаришидан огоҳлантирган.
Иккинчи қадам – Арманистонга ҳаво қатновини чеклаш. Парвоз тўхтатилиши ёки сезиларли даражада камайиши сайёҳлар оқими секинлашиши ва чипта нархи кескин кўтарилишига олиб келади. Қолаверса, манбалар босим бошқа соҳалар, жумладан газ таъминотига ҳам таъсир этиши мумкинлигини тан олишяпти.
Парламентдаги “Кучли Арманистон” фракцияси раҳбари Нарек Карапетян фикрича, мамлакат ҳозир РФ томонидан жорий этилган чеклов туфайли иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда. Унинг башоратича, кейинги олти ой вазият янада қийинлашади.

Карапетян савдо айланмасининг 65 фоизи Россия билан боғлиқлиги, мамлакат расмийлари руслар билан муносабатни ёмонлаштираётгани, ЕИ билан ҳам етарли даражада иқтисодий ҳамкорлик йўқлигини таъкидлади.
Шунингдек, Россия Еревандан декабргача референдум эълон қилишни талаб қилмоқда.
– Арманистон декабргача ЕИга қўшилиш ёки ЕОИИдаги аъзолигини сақлаб қолиш бўйича миллий референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак, – деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин. – Агар референдум ўтказиш чақириғи шу вақтгача қабул қилинмаса, раҳбарлар кейинги тегишли умумий қадамларни белгилашда айни ҳолатни ҳисобга олишади.

7 август куни Қирғизистонда бўлиб ўтган ЕОИИ ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян икки йирик иқтисодий тузилма ўртасида танлов бўйича референдум ўтказиш маъносиз ва мантиқсиз экани, бу ҳолатда фуқароларга аслида мавжуд бўлмаган савол берилишини айтган. Шунингдек, ЕИ ҳали муқобил йўл эмаслигини ҳам тан олган эди.
Хуллас, Россия Арманистонга бир йўла икки ўриндиқда ўтириб бўлмаслигини яна бир бор эслатди. Берилган қисқа муддат эса шундоғам анча вақтдан буён амалда бўлган босимни янада кучайтиради.
С.Раҳимов, ЎзА