ЕИ раҳбарлари Кипрда: Украина, энергетика ва мудофаа масалалари муҳокамада (+видео)
Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари Кипрда норасмий саммитга йиғилди, деб хабар қилди Euronews.
Унда ЕИ шартномасидаги муҳим модда муҳокама қилинди. Бу моддага кўра бирор аъзо давлатга қуролли ҳужум қилинса, бошқалар ёрдам бериши кераклиги назарда тутилади. Ҳозир давлатлар бу модда амалда қандай ишлашини аниқлаш учун қоидалар ишлаб чиқмоқчи.
Саммитда шунингдек Россия – Украина уруши, Яқин Шарқ можароси, кучайиб бораётган энергетика инқирози ва ЕИнинг узоқ муддатли бюджети ҳам муҳокама қилинди. Бироқ бу норасмий учрашув бўлгани учун аниқ қарорлар қабул қилинмайди.
Учрашув мезбони Кипр бўлиб, у ҳозир ЕИ Кенгашига раислик қилмоқда.
Саммитда Венгриянинг бош вазири Виктор Орбан иштирок этмаяпти. У яқинда сайловда мағлуб бўлган ва 16 йиллик бош вазирлик фаолиятини якунламоқда.
Орбан даври кўпинча ЕИ қарорларини ветолар билан тўсиб қўйиш, келишмовчиликлар ва зиддиятлар билан эсда қолган. Масалан, у Украинага 90 миллиард евро кредит ажратиш ва Россияга қарши янги санкциялар пакетини қабул қилишни тўсган эди.
Украина президенти Володимир Зеленский саммит доирасидаги кечки овқатда иштирок этиб, мамлакатининг ЕИга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган. Бироқ, барча давлатлар ҳам бу масалада ҳамфикр эмас. Айримлари ички сиёсий сабаблар туфайли Украинанинг Иттифоққа аъзо бўлиш масаласида шошилишни истамаяпти.
Шунингдек, Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият муҳокама қилинган. Европа давлатлари савдо кемаларини ҳимоя қилиш ва минадан тозалаш учун халқаро кучлардан иборат тузилма ташкил этишни таклиф қилган, лекин бу режа ҳали бошланғич босқичда ва амалга ошиши ҳам номаълум.
Ҳурмуздаги муаммолар Европада энергия нархларининг кескин ошишига сабаб бўлди. Бу эса камбағаллик ортиб, иқтисодий пасайиш хавфини кучайтиради. Шунинг учун раҳбарлар аҳолига ёрдам бериш, солиқларни камайтириш ва тоза энергияга сармоя киритиш каби чораларни муҳокама қиляпти.
Шунингдек, раҳбарлар ЕИнинг янги узоқ муддатли бюджети ҳақида ҳам фикр алмашмоқда. Европа комиссияси 2028–2034 йиллар учун 2 триллион евро ажратишни таклиф қилган. Кўп давлатлар бу маблағни камайтиришни истаяпти, лекин қаердан қисқартириш масаласида келиша олмаяпти. Брюссель эса бу масалада йил охиригача келишувга эришишни мақсад қилган, чунки 2027 йилда Франция, Италия, Испания ва Польшада муҳим сайловлар бўлиб ўтади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8MibbKXZ16Q" title="EI rahbarlari Kiprda: Ukraina, energetika va mudofaa masalalari muhokamada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА