ЕИ Делегацияси раҳбари билан учрашув тўғрисида
Эдуардс Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари сифатидаги фаолияти давомида кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун ташаккур билдирди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимиздаги миссиясини якунлаётган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси раҳбари, Элчи Эдуардс Стипрайсни қабул қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи тўғрисида фикр алмашилди.
Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали, жумладан Тошкент шаҳрида Марказий Осиё минтақасида муштаракликни ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар конференциясини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, илм-фан, маданият, таълим соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга оид амалий масалалар ечимига қаратилган инвестицион лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда ЕИ иштироки муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
2019 йил якунларига кўра 4 миллиард долларни ташкил этган ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш зарурлиги қайд этилди.
Суҳбат охирида вазир ЕИ Делегацияси раҳбарига самарали фаолияти ҳамда Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор этди.
Эдуардс Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари сифатидаги фаолияти давомида кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун ташаккур билдирди.