Эҳтиёжмандлар маҳалланинг доимий эътиборида
Термиз шаҳрининг Гулистон маҳалласида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов ва Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фаррух Таиров ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиб, улар дуч келаётган муаммоларни ўрганди.
Сайёр қабулда вилоятда истиқомат қиладиган 30 га яқин фуқаро ижтимоий аҳволини яхшилаш, моддий кўмак бериш каби масалаларда мурожаат этди. Уларнинг яшаш шароити жойида ўрганилиб, 10 нафарига 1 миллион сўмдан нақд пул берилди. Термиз шаҳрида ўзини ўзи иш билан банд қилиш истагини билдирган ногиронлиги бўлган икки мурожаатчининг хонадонига бориб, яшаш шароити кўздан кечирилгач, уларга замонавий тикув машинаси, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Тадбир доирасида Термиз шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Барча замонавий шароитларга эга бинонинг очилиш маросимида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов, меҳнат фахрийси Ҳимойиддин Шарафуддинов ва бошқалар кейинги йилларда ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида юз бераётган янгиланишлар ва уларнинг жамиятимиз тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр юритди. Бу жараёнда фуқаролар йиғинлари учун замонавий бинолар бунёд этиб, қулай шароитлар яратишга, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор халқ дарду-ташвиши билан ишлашда яхши самаралар бераётгани қайд этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида давлат хусусий шерикчилик асосида вилоятда 52 та маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино қурилиб, ишга туширилди. Замонавий усулда қад ростлаган бинолар бир йўла “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, самарали фаолият юритиш учун барча шароит яратилди.
–Шунингдек, йилнинг ўтган даврида жамғарма ва ҳомийлар маблағи ҳисобидан 250 га яқин маҳаллага янги компьютер тўпламлари олиб берилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви шўъба мудири О.Останақулов. – Айни пайтда олис ва чекка ҳудудлардаги ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳам моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган бундай эътибор маҳалла институтини янада ривожлантириб, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга, ёшлар, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шу куни Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи” биносида бўлиб ўтган учрашувда вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг мавжуд муаммолари тингланиб, атрофлича таҳлил қилинди. Биргаликда уларни бартараф этиш йўллари изланди. 16 та ўзини ўзи бошқариш органига замонавий компьютер, 13 та маҳалла фуқаролар йиғинига мебель жиҳозларининг сертификати топширилди.
Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўғил-қизлар билан суҳбатлашилди. Яшаш шароитлари ўрганилди. Муассасага замонавий маиший техника воситалари туҳфа қилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА