Эҳтиёжманд оилалар солиқчилар назоратида
Ислом оламининг муқаддас байрами Қурбон ҳайити ҳамда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Жиззах вилояти солиқ бошқармаси мутасаддилари хонадонбай тизими асосида ногирон ёшларнинг ҳолидан хабар олмоқда.
– Бундан кўзланган асосий мақсад – ногирон фарзандлари бор оилаларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий масалаларини ҳал этишда кўмаклашишдан иборат, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташпулатов.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари бошчилигида вакиллар жорий йилнинг апрель – июнь ойлари давомида Бахмал, Фориш ва Ғаллаорол туманларида истиқомат қилувчи ўзига бириктирилган, оиласида ногиронлиги бўлган ёшларнинг хонадонларида бўлиб, муаммоларини ўрганди.
Жумладан, Қурбон ҳайити байрами ва 30 июнь – Ёшлар куни арафасида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Ғаллаорол туманидаги “Саврук” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ногиронлиги бўлган Жамол Холиевнинг оиласига ҳомийлик асосида газ плитаси туҳфа қилган бўлса, “Кўкбулоқ” МФЙ Янгийўл қишлоғида яшовчи Ўрол Акрамовнинг эҳтиёжига мувофиқ газ плитаси ҳамда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Тумандаги “Булоқбоши” ҚФЙда яшовчи Зуҳриддин Нуранов туғма ногирон бўлганлиги сабаб ўзи мустақил ҳаракатлана олмайди. Бироз муддат аввал унинг хонадонига борилганда янги ногиронлик аравачасига эҳтиёжи борлиги аниқланган. Куни кеча вилоят солиқ бошқармаси ҳамда вилоят 4-сектор масъуллари томонидан Зуҳриддинга янги ногиронлик аравачаси етказиб берилди.
Айни пайтда, Ғаллаорол туманида 170 нафар эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган ёшлар рўйхатга олинган бўлиб, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Ташпулатов бошчилигида бу ёшларнинг муаммолари тегишли тартибда ҳал этилмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА