Эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланмоқда
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Камолиддин Тангриев ногиронлигига қарамасдан, уч фарзандининг моддий эҳтиёжини камтарона меҳнати билан таъминлаб келмоқда.
– “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази амалий ёрдами билан электрон аравачага эга бўлганим сабаб, иш жойимга бориб-келишим анча осонлашди, – дейди Камолиддин Тангриев. – Шунингдек, маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномасига кўра, субсидия асосида юк ташишга мўлжалланган мотоцикл олишга эришганим ҳам рўзғорга барака киритди. Уйимиздан узоқ бўлмаган жойда, катта йўл ёқасида яхна ичимлик ва музқаймоқ савдосини йўлга қўйиб, кунлик савдодан даромадга эга бўлмоқдамиз.

Дарҳақиқат, “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғинида 725 та оилада 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудудда йил бошидан юритилаётган ўрганиш ва хатлов натижаларига кўра, ижтимоий муҳофазага олинган, моддий ёрдам олувчи 8 та, болалар нафақаси олувчи 94 та оила бўлиб, шунингдек, ногиронлиги бўлган 77 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда.

Маҳаллада ҳар бир фуқаро ўз имконияти даражасида ҳаракат қилиши, касб-ҳунар билан шуғулланиб, турмуш фаровонлигини юксалтиришга астойдил ҳаракат қилиши юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.