Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди
Кўнгил сўраш халқимизга хос қадрият. Навоий кон-металлургия комбинати ижтимоий масъулиятни зиммасига олиб пенсионерлар, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, болажонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Турли байрамлар муносабати билан комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши ҳамкорлигида хайрли ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, Янги йил байрами олдидан комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши томонидан 1,5 мингта эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатилиб, 16 турдаги озиқ-овқат жамланмалари тарқатилди.

Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Зарафшон, Ғозғон шаҳарлари, Учқудуқ, Томди ва Нурота туманларидаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 200 та эҳтиёжманд оила ва уларнинг фарзандларига Янги йил совғаси, китоблар тўплами ҳамда озиқ-овқат жамланмалари туҳфа этилди.

– Байрам ва яхши кунларда эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатиб келаётган давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди Ғозғон шаҳридаги Шайхон маҳалласида яшовчи Нилуфар Ҳусайнова. – Қувонарлиси, шу кунларда бир гуруҳ комбинат вакиллари маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида хонадонимизга келиб, байрам билан табриклагани ва болаларимиз учун китоблар тўпламларини улашгани оиламизга хурсандчилик бағишлади. Бунинг учун барча ташкилотчиларга катта раҳмат.


Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири