Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналари бутун мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла, қўйингки ҳар бир хонадонда кенг нишонланмоқда.
Ана шундай доруломон кунларда бетоб бўлиб ётиб қолган, ўзгалар кўмагига муҳтож, якка-ёлғиз қариялар, эҳтиёжманд, оиласида ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиш, озгина бўлсада уларга байрамона кайфият улашиш каби савобли амаллар Жиззах вилоятида бугун ҳам давом эттирилди. Улуғ айём кунлари “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан бир қатор хайрия ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Зомин тумани ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди мутасаддилари ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, жойлардаги кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилалар, ўзгалар кўмагига муҳтож якка-ёлғиз қариялар, эҳтиёжманд, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган жами 105 оилага кириб уларнинг ҳолидан хабар олди. Бу оилаларга кўмаклашиш мақсадида – туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Тумандаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ана шундай оилаларга ҳам мазкур кўмак орқали байрам шукуҳи кириб борди. Зотан, бир ғариб кўнглини олмоқ, бир эҳтиёжманд хонадон ҳолини сўраб, кўнглини кўтармоқ ҳам ушбу қутлуғ кунларда ҳам савобли, ҳам инсонийликнинг олий намунасидир.
Бундай хайр-саховат ишлари Жиззах вилоятининг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА