
Суриянинг муваққат Президенти Аҳмад Аш-Шараъ “The New York Times” газетасига берган интервьюсида айтишича, Россия Башар Асадни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровни рад этган. Тегишли талабнома январь ойида тақдим этилган экан.
Шунга қарамасдан, ушбу араб давлати янги маъмурияти РФ билан муносабатни бузиш ниятида эмас.
Етакчи Сурия расмийлари Кремль иштирокидаги музокарага очиқлигини билдирган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоси бўлгани учун Россиянинг мавқеини инобатга олиш муҳим. Зеро, мавжуд муносабатлар шунчаки сиёсий эмас, балки кўп йиллар давомида амалга оширилган озиқ-овқат хавфсизлиги, энергия таъминоти каби муҳим соҳалар бўйича келишувларга асосланган.
Суриядаги фуқаролар уруши давомида Москва Асад режимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Дамашққа самолёт, кема, қўшин ва ҳарбий маслаҳатчилар юборган. Мамлакат ҳамон рус қурол-аслаҳасидан фойдаланади, чунки ҳозирча бошқа мамлакатлар билан қурол алмашиш бўйича таклиф олмаган.
Демак, пайқаш мумкин-ки, Сурия ҳалиям Россия кўмагига муҳтож.