Эҳтиёт бўлинг "хавфли ҳудуд”! (+видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Иззат кўчасидаги 10 дан зиёд хонадон эгаларидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда маҳалладаги ҳовли уй-жойлар ёнгинасидан "Global Pipe Trader" фирмаси томонидан қурилаётган 12 қаватли турар-жой мажмуаси фуқароларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини бузаётгани, қуёш нурини тўғридан-тўғри тўсиб қўйиши каби бир қатор ноқулайликлар туғдириши, хавфсизлик жиҳатидан ҳам "хавфли" эканлиги қайд этилган.
Мурожаатда кўрсатилган манзилга борганимизда бир томондан иссиқ сув қувурлари, иккинчи томондан поезд йўли тушган ушбу қурилиш объектини кўриб ҳайратга тушдик. Чунки, Қурилиш вазирлиги томонидан тақдим этилган янги турар-жой мажмуаси эскизига кўра, қурилиш объектида бир эмас нақд 8 та 12 қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Энг қизиғи суратда аҳоли учун боғлар, болалар майдончалари ташкил этилиши чиройли қилиб кўрсатиб қўйилган.
Энди тасаввур қилинг, бир томонидан иссиқ сув қувурлари, иккинчи томонидан поезд йўли ўтган ушбу манзилда қурилган янги уй-жойлар қанчалик хавфсиз бўлиши мумкин?
Биз бу ҳақида қурувчи ташкилотдан "ишончли" маълумот олишга бир неча бор уриниб кўрдик. Аммо қурувчи ташкилот вакиллари биз билан мулоқот қилишни истамади.
Маълумки, қурилиш ишлари бошланишидан олдин бир нечта текширувлар ва масъул ташкилотлардан рухсат олинади. Албатта масъул ташкилотлар рўйхатида маҳалла идораси ҳам бор. Биз янги қурилаётган қурилиш объекти ва унинг маҳалла фуқароларига қанчалик ноқулайлик туғдираётгани ҳақида маҳалла раиси қанчалик хабардорлиги билан қизиқдик.
Маҳалла фуқаролари йиғини раиси қисқа қилиб “мен билмай қолдим, доим фуқароларим томонида бўлганман..." деди. Тўғриси, фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этишга бош-қош бўлиши керак бўлган масъулнинг ушбу жавоби бизни унчалик қониқтирмади.
Тадбиркор ушбу мурожаат юзасидан муносабат билдиришни қатъий рад этганлиги сабабли биз мазкур объект ҳақида Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига маълумот олиш учун бордик. Кутилганидек, мазкур янги қурилиш биноси бўйича ҳужжатларда ҳеч қандай камчиликлар йўқ. Рухсат беришда барча қонун-қоидаларга риоя этилган. Аммо...
Мазкур йиғилиш баёнига эътибор беринг. Унда маҳалла фуқаролари йиғилишда қатнашганлиги ва янги турар-жой қурилишига ҳеч қандай эътирози йўқлиги кўрсатилган. Минг афсуски, ушбу "Йиғилиш баён"ида кўрсатилганидек ҳеч қандай йиғилиш ўтказилмаган ва эътирози йўқ дея кўрсатилган фуқаролар ушбу маҳаллада истиқомат қилмаслигига нима дейсиз? Айни дамда фуқаролар томонидан ушбу "қалбаки баён" устидан прокуратурага ариза киритилган.
Шу ўринда яна бир нарсага тўхталиб ўтишимиз лозим. Маълумки тадбиркор ушбу ерни "аукциондан" уй-жой қуриш учун "хавфсиз манзил" сифатида сотиб олган. Мазкур "тавсия" эса хабарингиз бор Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан берилади. Ушбу қурилиш объекти яшаб турган ва янги уй-жой эгалари учун қанчалик "хавфсиз" бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳокимиятга мурожаат билан чиққанимизда, айни дамда шаҳар ҳокимияти матбуот котиби лавозими "бўш"лиги сабабли маълумот бера оладиган масъул йўқлигини айтишди.
Ҳокимият томонидан нотўғри тавсия этилган "манзил" - эндиликда ҳам тадбиркор, ҳам фуқаролар учун "катта муаммо"га айланиб бормоқда. Қурилиш фирмасининг адвокати билан боғланишни истаган фуқароларга эса “...қўлингиздан ҳеч нарса келмайди, ютқазасиз!” деб жавоб берилмоқда.
Майли, адвокат айтганидек "қўлимиздан ҳеч нарса келмаса ҳам", биз мазкур қурилиш фирмаси томонидан қурилаётган янги турар жой мажмуаси масъул ташкилотлар томонидан "хавфли объект" сифатида қайта кўриб чиқилиб назоратга олиниши кераклигини эслатиб ўтамиз. Зеро, уй-жой қурилишида шахсий манфаатларгагина эмас, балки қайта-қайта такрорланаётган "инсон қадри ва хавфсизлиги" инобатга олингандагина ҳам давлатга, ҳам тадбиркорга манфаатли бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xVUsoeKy6qc" title="Эҳтиёт бўлинг "хавфли ҳудуд”!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Воқеалар ривожини биз билан кузатишда давом этинг.
М.Турдиалиева, А.Содиқов ЎзА