ЕХҲТ миссияси экспертлари билан учрашув
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМ) экспертлари Алексей Громов ва Мартина Баркер-Циганникова билан учрашди.
Учрашувда Омбудсман сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан амалга оширилаётган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Омбудсман институтининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва унинг қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Омбудсманга Конституциявий судга масалалар киритиш, унинг мажлисларида иштирок этиш ва ушбу тадбирларда ўз нуқтаи назарини баён этиш, фуқаролар манфаатларини кўзлаб ариза ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқ ва ваколатлари берилди.
2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Учрашувда жорий йилдан Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида ўтказиладиган мониторинг ташрифлари тизимли йўлга қўйилгани ҳамда бу борада Парламентга мунтазам тарзда маълумотнома киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилгани қайд этилди.
Шунингдек, ўзаро мулоқот давомида ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, 2021 йилда Омбудсман номига юборилаётган мурожаатлар таҳлили ҳамда шу йил мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёнларида Омбудсманнинг ўрни юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати.
ЎзА