Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишини кузатар эканмиз кимларнингдир кўнглидан “эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” деган хаёллар ўтган бўлса ажаб эмас.
Юртимиз ёшлари, ўғил-қизларига берилаётган имконият, яратилаётган шарт-шароитлар мени қувонтирди. Хусусан, “Ёшлар дафтари”га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қоплаб берилиши орқали кўплаб иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган ёшларга экин экиб фойдаланишлари учун ер ажратиш белгиланган, бу борада жойларда тизимли ишлар амалга оширилиб келинаётгани барчамизга аён. Бу соҳада ҳам аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”га кирганларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия бериш зарурлиги қайд этилди. Бунинг замирида нималар борлигини биласизми? Одамларни бой қилиш, орзу-ниятларига етказиш, бекор қолдирмаслик, фаровон қилиш, “чет давлат деб юрма, ўзимизда ишла, ер ол, ток қатор орасига бозорда қиммат маҳсулотни кўпайтир, яқинларинг олдида бўл” дегани.
Йиғилишда талабаларнинг яшаш шароитлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда 130 мингдан зиёд талаба ижарада яшаётганлиги, ушбу масала бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланаётгани, дастурга кўра, бундай ёшларга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши, дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёш қамраб олиниши, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилиши белгилангани, айниқса, аҳамиятга молик.
Олий таълим муассасаларида ўтказган кўплаб учрашувларимиз чоғида кўтариладиган асосий масала талабалар учун турар жойлари муаммоси ўз ечимини топаётгани қувонарли. 1 майдан ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши ота-оналарга ҳам, оила бюджетига ҳам катта ёрдам бўладиган бўлди.
Муҳиба БАБАБЕКОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси