Эфиопиянинг Аддис-Абеба шаҳрида БМТ Озиқ-овқат тизимлари бўйича иккинчи саммити (Second United Nations Food Systems Summit Stocktake – UNFSS+4) ўз ишини бошлади.
Эътиборли жиҳати, мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Саммит БМТнинг Африка учун Иқтисодий комиссияси (UNECA) марказида ўтказилмоқда.

Форум глобал озиқ-овқат тизимларини барқарор, инклюзив ва адолатли йўналишда ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унда БМТга аъзо давлатлар вакиллари, ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар ва хусусий сектор мутасаддилари иштирок этмоқда.

Йиғинни Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмед Али ҳамда Италия Бош вазири Жоржия Мелони тантанали тарзда очиб берди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса саммитга онлайн тарзда мурожаат йўллади.

Тадбир доирасида икки кун давомида юқори даражадаги учрашувлар, вазирлар иштирокидаги давра суҳбатлари, инвестицион мулоқотлар, ҳамкорлик форумлари ҳамда миллий тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган. Асосий сессияларда глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, молиялаштириш ва инвестиция билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, 2030 йилгача бўлган Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишда давлатлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

Делегациямиз томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар, инновацион ёндашувлар ва озиқ-овқат тизимининг барқарорлигини таъминлаш борасидаги амалий ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.
ЎзА