“Едиге ва Соҳибқирон” тарихий операсининг намойиши ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида томошабинлар эътиборига ҳавола этилган “Едиге ва Соҳибқирон” тарихий операси ўзининг кўлами, фалсафий юксаклиги ва бадиий жозибаси билан барчанинг эътирофига сазовор бўлди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректорининг ташаббуси билан “Мусиқали театр режиссёрлиги” таълим йўналиши битирувчиларининг диплом ишлари юртимизнинг нуфузли театрларида намойиш этиб келинмоқда. Қувонарлиси, ушбу монументал асарда ҳам “Мусиқали театр режиссёрлиги” таълим йўналиши битирувчиси Амирбек Турсунов режиссёр сифатида фаолият олиб борди.

Намойишда юртимизнинг санъат ихлосмандлари, соҳа мутахассислари қаторида институт ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев ҳам иштирок этди.
Олий таълим даргоҳида олган назарий ва амалий билимларини юксак саҳна асарида муваффақиятли татбиқ этган ёш режиссёримизнинг ушбу дебют иши институт нуфузи ҳамда педагоглар салоҳиятининг амалдаги ёрқин исботи бўлди.
Спектакль муваффақиятига юртимизнинг тажрибали санъат намояндалари улкан ҳисса қўшди.

Ушбу спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов. Мусиқа раҳбари ва дирижёр – Қорақалпоғистон халқ артисти Аида Абдуллаева. Либретто муаллифи – Кенесбай Рахманов. Бош рассом – Даврон Ражабий.
Ёш режиссёр Амирбек Турсуновнинг профессионал маҳорат мактабини ўташида курс бадиий раҳбари, профессор Баҳодир Назаров, институт доцентлари Элдор Хушвақтов, Ойбек Тоҳиров ҳамда санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Раҳимжон Дўсанов каби фидойи устозларнинг хизматлари беқиёс бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Асарнинг мусиқий ва визуал мукаммаллигини таъминлашда дирижёрлар: Ўзбекистон санъат арбоби, профессор Фазлиддин Ёқубжанов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алибек Кабдураҳманов ҳамда хормейстерлар Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмонов ва Наталья Куприянова ҳамда улкан ижодий гуруҳ (балетмейстерлар ва либослар бўйича рассомлар) ҳамжиҳатликда меҳнат қилди.
Саҳна асарида намоён бўлган буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва халқ қаҳрамони Едиге ботир ўртасидаги дўстлик ва биродарлик, уларнинг она- Ватан истиқболи, эл тинчлиги йўлида олиб борган шонли курашлари ватандошларимиз, айниқса, ёш авлод вакиллари учун ватанпарварликнинг юксак намунаси бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчиларининг йирик полотноли асарга дадил қўл ургани ва режиссура қонуниятларини чуқур ҳис қилгани томошабинлар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан юксак эътироф этилди.
Намойиш якунида институт ректори ёш талаба режиссёр билан суҳбат қурар экан, ушбу спектакль юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси эканини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ёш битирувчининг ана шундай нуфузли санъат даргоҳида ўз диплом спектаклини саҳналаштириб, кенг жамоатчиликка намойиш этаётгани, қолаверса, унинг театр репертуарига киритилгани катта воқеа экани қайд этилди.
Шунингдек, мазкур ютуқ замирида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 22 ноябрь куни қабул қилинган “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгиланган вазифалар, шунингдек, жорий йилнинг 24 февраль куни ёшлар билан мулоқотида белгиланган устувор вазифалар ижроси мужассам экани алоҳида эътироф этилди.
Ёш режиссёр Амирбек Турсунов битирувчи-талабаларга яратилаётган имконият ҳамда ушбу саҳна асарини яратишдаги кўмаги учун институт раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, бу жараёнда устозларининг маслаҳатлари ва қўллаб-қувватлови муҳим ўрин тутганини қайд этди.
Н.Усмонова, ЎзА