Эчкиэмарга ўлим эълон қилган “табиб”лар инсофга келинг...
Бир қарашда тимсоҳни эслатиб юборадиган, кўринишидан одам ҳайиқадиган совуқ қиёфа, ҳатто тажовузкор судралиб юрувчи бўз эчкиэмарлар аслида инсоният қадами камроқ етадиган қум босган чўлу биёбонларда яшайди.
Лекин инсон ўз манфаати йўлида ҳар қандай ваҳший жонзодни ҳам маҳв этади. Ўзи шундоқ ҳам чўлларни ўзлаштириш ҳисобига ушбу тур тобора камайиб бормоқда ва қизил китобга ҳам киритилган.
Кейинги кунларда Қашқадарё вилоятининг чўл ҳудудларида ноқонуний, бўз эчкиэмарлар овланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Эмишки, қайсидир йўллар билан эчкиэмар терисидан тайёрланган “дори” қандли диабет касаллигига самарали даво бўлади. Шундай бўлгач, бу ноёб жонивор учун мўмайгина пул тикилиши тайин. Шу билан эчкиэмарлар тақдирига нуқта қўювчи ҳукм ўқилди. Баъзи “олғир”лар жонини хатарга қўйиб бўлсада, қайси чўлда бўлмасин уни излаб топади. Эчкиэмар ер юзидан йўқолиб кетмайдими? Пул бўлса бўлди. Чунки бир неча йил илгариги кўршапалак “бизнес”и бунга яққол мисол.
Биринчи воқеа: Қашқадарё вилояти экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг назорат инспекцияси инспекторлари томонидан Муборак тумани ҳудудида назорат рейд тадбири ўтказилди. Унда Муборак туманининг чўл ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган ВАЗ-2107 автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, машина юкхонасида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 4 дона бўз эчкиэмар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ҳайвонларни олиб юриш, тутқунликда сақлаш мумкин эмаслиги фуқарога тушунтирилди ва эчкиэмарлар фуқародан олиб табиат қўйнига қўйиб юборилди. Қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКсининг 90-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. 1 миллион 225 минг сўм жарима белгиланди.
Иккинчи воқеа: Қамашилик икки нафар фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 3 та бўз эчкиэмарни тутиб турганлиги тўғрисидаги хабардан сўнг Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари зудлик билан ҳудудга етиб борган.
Мазкур жонзотларни топширишни истамаган фуқароларнинг уларни тутиб туришдан мақсадлари табиийки, бизга қоронғу. Шу боис улар олиб борилган чора-тадбирлардан норози ҳам бўлган. Эчкиэмар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олингач, яшаш тарзига мос ҳудудга, табиат бағрига қўйиб юборилган.
Бу тегишли ташкилотлар хабар топиб, аниқлаган ҳолатлар. Хўш, аниқланмасдан ими-жимида “тинчитиб” юборилаётган қанча ҳолатлар бор экан? Эчкиэмарга ўлим эълон қилган “табиб”лар инсофга келинг, табиат мувозанатини бузманг. Унда ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни бор.
Йўқса, эчкиэмаржон қоч, сенга қидирув эълон қилинган...
Ў.Баротов, ЎзА