Дзюдочиларимиз Тошкентга қайтишди
Исроилда дзюдо бўйича "Катта Дубулға" туркумига кирувчи турнирда муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси мамлакатимизга қайтиб келди.
Полвонларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Дзюдо федерацияси мутасаддилари, кенг спорт жамоатчилиги, дзюдочиларимизнинг оила аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олди.
Тель-Авив шаҳрида ўтган мусобақада дунёнинг 60 давлатидан жами 418 нафар дзюдочи медаллар билан биргаликда, “Токио-2020” Олимпия ўйинлари йўлидаги муҳим рейтинг очколари учун ўзаро рақобатлашди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Шарофиддин Болтабоев олтин медаль ва 1000 рейтинг очкосига эга бўлди. Шунингдек, Сардор Нуриллаев ва Муҳриддин Тиловов ўз вазнида бронза медали ҳамда 500 рейтинг очкосини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, 5-7 март кунлари пойтахтимиздаги кўп тармоқли "Хумо" аренасида "Катта Дубулға" турнири ўтказилади.