Дзюдо: Тошкент мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати рамзи тасдиқланди
Жорий йилнинг 19-22 ноябрь кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида тарихда илк бор дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилади.
Куни кеча Халқаро дзюдо федерацияси пойтахтимиз мезбонлик қиладиган дунё биринчилигининг расмий логотипи тасдиқланганини эълон қилди.

Логотипдаги икки юлдуз икки хил рангда бўлиб, ўзига хос рамзий маънога эга. Қизил рангдаги юлдуз жаҳон чемпионати, тилла ранглиси эса Олимпиадага ишора. Яъни, татамидаги икки истеъдод юлдуз каби порлаб, келажакда катталар ўртасида жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлиши ғоя сифатида тасвирланган.
Дзюдо бўйича катталар ўртасидаги мусобақаларда айрим дзюдочиларнинг кимоносига эътибор қаратилса, исм-шарифи қизил ҳамда тилла рангларда битилади. Қизил ранг ўша дзюдочининг амалдаги жаҳон чемпиони, тилла ранг эса Олимпиада чемпиони эканини англатади.
Тошкент Жаҳон чемпионати логотипида айнан шу нарсага урғу қаратилдики, ёш истеъдодларнинг катталар тоифасига ўтиб, жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлишига ишора қилинган.
Т. Рўзиев, ЎзА