Дзюдо: Қаршида Ўзбекистон кубоги ўтказилмоқда
Қарши шаҳридаги «Геолог» спорт мажмуасида дзюдо бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан келган 600дан зиёд маҳоратли спортчи иштирок этмоқда.
Мамлакат кубогининг очилиш маросимида иштирок этган Қашқадарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Рўзиев, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари Зафар Қаҳрамонов ва бошқалар юртимизда дзюдо спортининг ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида халқаро майдонда ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда муносиб ютуқлар қўлга киритилаётганини эътироф этишди. Мазкур мусобақалар ватанимиз спорт шуҳратини улуғлайдиган спортчиларнинг янги авлодини камолга етказишда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.


Ўзбекистон кубогининг илк кунги беллашувларида Баҳром Ботиров, Шоҳжаҳон Давлатов, Баҳром Асадов, Фарид Амруллаев, Дилшод Ҳамроев, Мирзоҳид Абдураҳматов, Отабек Отаназаров, Оллоёр Файзиев совринли ўринларга эгалик қилишди.
Мусобақалар 30 майга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА