Душанбеда Навоийхонлик тадбири ташкил этилди
Улуғ шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан дунёнинг турли мамлакатларида адабий ва маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрининг марказида жойлашган Мир Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам республика ҳукуматининг ўзбек тилидаги нашри - «Халқ овози» газетаси ташаббуси билан навоийхонлик тадбири ташкил этилди.

– Сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида ушбу муҳташам боғда навоийхонлик тадбирининг ўтказилаётгани қувончли ҳолдир. Ҳазрат Навоийнинг бебаҳо асарлари дунё аҳлини ҳайратга солган. Шу боисдан бўлса керакки, Тожикистон Президентининг шахсий ташаббуси билан мамлакатимиз пойтахти – Душанбе шаҳрида мана шундай гўзал ва муҳташам боғ барпо этилди. Бу албатта, шоир ижоди ва асарлари ҳамда улуғ мутафаккирлар – Жомий ва Навоий дўстлигига бўлган ҳурмат ва эҳтиром белгисидир, - деди «Халқ овози» газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзода.
Тадбир иштирокчилари ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси Алишер Навоий ҳаёти, ижоди, фаолияти ва ўзбек-тожик халқлари дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси борасида сўз юритдилар.
Тожикистонлик ўзбек шоири Эркин Шукур Навоийнинг серқирра ижоди, назмий, насрий ва тасаввуфий асарлари хусусида сўзлар экан, улуғ мутафаккир, нафақат, ўзбек тилида, балки Фоний тахаллуси билан тожик тилида ҳам қалам тебратиб, «Девони Фоний» асари чоп этилганлигига урғу берди.

«Халқ овози» газетасининг адабиёт бўлими мудири, шоир Абдулло Саидов эса, Навоий ва Жомий дўстлиги ҳақида сўзлаб, шоир таваллуди муносабати билан газетада Навоий ғазалларидан намуналар ва туркум мақолалар бериб борилаётганига эътибор қаратди.

Яна бир ўзбек забон ижодкор Искандар Маҳмадалиев Навоий асарларининг Тожикистонда ҳам севиб ўқилиши, тожик навоийшуносларининг бу борадаги илмий изланишлари ва умуман, Алишер Навоий номини абадийлаштириш мақсадида кўча-ю хиёбонлар, мактаблар ва бошқа муассасаларга шоир номи берилганини қайд этиб ўтди.
Навоийхонлик тадбирида иштирокчилар томонидан шоирнинг ўзбек ва тожик тилларидаги ғазалларидан намуналар ўқилди.
Зуҳриддин Умаров,
ЎзА учун махсус. Тожикистон