“Дунёнинг ишлари” инглиз тилига таржима қилинди
Андижон давлат чет тиллар институти магистранти Абдулло Рўзиев америкалик олим ва машҳур таржимон Марк Эдвард Риз билан ҳамкорликда Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарини инглиз тилига таржима қилди.
Кейинги йилларда америкалик олим, машхур таржимон Марк Эдвард Риз томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи инглиз тилига таржима қилинганлиги ўзбек таржимшунослигидаги катта воқелардан бири бўлди. Марк Риз ушбу асар таржимаси, қолаверса, ўзбек адабиётини жаҳон миқёсидаги тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
– Ҳар бир халқ адабиёти ана шу халқ барҳаётлигининг муҳим мезонларидан биридир, – дейди Андижон давлат чет тиллар институти ректори, профессор Дилшодбек Рустамов. – Жумладан, ўзбек адабиёти ҳам ўзининг бой тарихий, юксак мазмунга эга асарлари, кенг қамровлиги билан ажралиб туради. Айниқса, ўтган асрда ижод қилган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Асқад Мухтор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов сингари истеъдодли ёзувчиларимизнинг асарлари юксак баҳо ва эътирофга муносиб. Бироқ, бир неча ўн йиллар давомида ёзувчиларининг асарлари хорижий тилларга таржима қилинмаганлиги учун дунё халқлари ўзбек адабиёти билан таниш эмас.
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда таржимашунослик борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, қатор ёзувчиларимизнинг асарлари инглиз ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинмоқда.
Ўзбек адабиётининг бетакрор асарларидан бири Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссаси инглиз тилига таржима қилинганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
Андижон давлат чет тиллари институти магистранти Абдулло Рўзиев ушбу асар таржимаси устида мустақил равишда уч йил иш олиб борди. Таржимани якунлаганидан сўнг тажрибали таржимон Марк Эдвард Ризга юборди. Марк Риз таржимани кўриб чиқиб, қайта ишлади ва уч йиллик меҳнат маҳсули бўлган асар таржимаси китоб ҳолида дунё юзини кўрди.
Айни кунда Абдулло Рўзиев ҳамда Марк Риз таржимаси асосидаги асар машҳур Amazon платформасида сотувга қўйилган. Бундан ташқари, институт мутасаддиларининг таъкидлашича, ушбу таржима асар Нью-Йорк шаҳри метро бекатларида ҳам реклама қилинмоқда.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири