Дунёни ҳайратга солаётган санъат
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида IV халқаро амалий санъат биенналеси доирасида зардўз уста Нодир Расулов ижодига мансуб “Бухоронинг заррин жилваси” деб номланган кўргазма ташкил этилди.
Ўзбек зардўзлик санъати миллий амалий санъатимизнинг ажралмас бўлаги саналади. Асрлар мобайнида ривож топиб, шаклланиб келаётган бу санъат тури ўзбек халқ амалий безак санъати турлари орасида алоҳида ўринга эга. Ушбу санъат айниқса, Бухорода ривожланган. Зеро, Бухоро зардўзлик мактаби жаҳонда ном қозонган, ҳали-ҳануз дунё санъатшунослари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётган, хорижликларнинг ҳайрати ва ҳавасига сазовор бўлаётган санъат туридир.
Нодир Расулов – бухоролик зардўзлик санъати устаси. У ҳунармандлар оиласида таваллуд топган. Отаси моҳир ёғоч ўймакори, онаси ва опа-сингиллари эса гилам каштадўзлиги билан шуғулланади.
[gallery-14053]
Нодир болаликдан амалий санъатга, айниқса зардўзликка қизиқади. Унинг ижод намуналари АҚШ, Франция, Эрон, Туркия, Буюк Британияда ҳам юксак эътироф этилган.
Ушбу кўргазмада зардўзлик намуналаридан иборат бўлган 30 дан ортиқ асар томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (cурат), ЎзА