Дунёга алломаларни тарбиялаб берган оналар...
Инсон туғилиб, ўзининг илк тарбиячиси бўлмиш онага кўзлари тушар экан, айни дақиқада меҳр аталмиш туйғу борлигига амин бўлади. Ўша онларда унинг беихтиёр олган илк тарбияси, бу меҳр саналади. Башарият тилида “Дунёни меҳр қутқаради“, деган жумла бежиз айтилмаган.
Ўзбек халқи дунёга жуда кўп буюк зотларни етказиб бергани билан ҳам машҳур. Алломаларимизнинг илм йўлидаги ишлари эса айни кунларга қадар ҳам ҳайрат ва меҳр билан ёдга олинади. Бу йўлда илм-фан, маданият ва тарихда улкан из қолдирган аждодларимизни дунёга келтирган ва тарбиялаган оналарнинг ўрни беқиёс.
Шу ўринда Ислом цивилизацияси маркази маълумотлари асосида улуғ алломаларимизни дунёга келтириб тарбиялаган оналарни ёдга олиб ўтсак.
Буюк ҳаким – Шайхурраис Абу Али ибн Синонинг онаси бухоролик Ситорабону бўлган. У фарзандларининг камол топишида катта таъсир кўрсатган. Бунинг натижасида эса бутун оламга нажот йўли бўлиб хизмат қилувчи илмлар шаклланди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг онаси Тегина бегим Моҳ бўлган. У таниқли дин арбоби Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг хонадонида туғилган. Тегинабегим покиза хулқли бўлиб, фарзандининг буюк саркарда ва давлат арбоби бўлиб етишишига замин яратган.
Темурийлар салтанатида катта ўрин тутган аёллардан яна бири Гавҳаршод бегим бўлиб, у 1379 йилда туғилган. Мирзо Улуғбекни тарбиялаб, таълим-тарбияга катта эътибор берган. Унинг номи Хуросоннинг кўплаб меъморий обидалари билан боғлиқ. Фарзанди саналмиш Мирзо Улуғбекнинг фалаккиёт илмидаги кашфиётлари ҳам олам осмонида янги йўллар ва излар қолдирди.
Ҳазрат Навоийнинг бешигини тебратган аёлни биласизми? Таърихий манбаларда Ҳазрат Навоийнинг онаси ҳақида тўлиқ маълумот сақланмаган. Айрим тадқиқотчилар унинг исмини Салимабону деб тахмин қилишади. У жуда маърифатли, саводхон аёл бўлган ва фарзандини илму маърифат йўлида тарбиялаган.
Қутлуғ Нигор хоним – Бобур Мирзонинг онаси. У 1459 йилда туғилган. Бобурни тарбиялаб, унинг давлат ишларида фаол ёрдам берган. Умаршайх Мирзо вафотидан кейин ҳам Бобурнинг ёнида бўлиб, унинг ҳаётида муҳим ўрин тутган.
Дарҳақиқат, шундай бир ҳикматли сўзлар борки, унинг ҳақиқатига тан бермаслик мумкин эмас. Буюк инсонларнинг ортида буюк оналар туради. Улар фарзандларига илму маърифат, жасорат ва адолатни улуғлашни ўргатиб, тарих саҳифаларида ўчмас из қолдиради. Бугун ҳам юртга садоқат ва матонат йўлида фарзандларни улғайтираётган, дунё аҳлига аждодларга муносиб намояндаларни тарбиялаётган оналаримиз бисёр ва улар ҳамиша муқаддасдир!
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА