Дунёдаги урбанизация муаммоларига қандай янги ёндашувлар керак?
Жаҳонда урбанизация жараёнлари жадал кечаётган бир пайтда шаҳарларни режали ривожлантириш, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши ва инфратузилмага бўлган босим шаҳарларнинг барқарор тараққиётига янги ёндашувларни талаб қиляпти.
Шу нуқтаи назардан, Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг13-Бутунжаҳон урбанизация форуми глобал муаммоларга ечим излашда муҳим мулоқот майдони сифатида эътироф этилмоқда.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) лойиҳа раҳбари Суҳроб Маҳмудов бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
– “Дунёни уй-жой билан таъминлаш: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда жамоалар” шиори остида ўтаётган форумда дунёнинг 182 мамлакатидан 40 мингдан ортиқ вакил қатнашмоқда. Бу эса урбанизация масаласи бугунги кунда нафақат алоҳида давлатлар, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун долзарб мавзулардан бирига айланганини кўрсатади.
2016 йилда Китода қабул қилинган Янги шаҳар кун тартиби форум муҳокамалари учун асосий дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат 2036 йилгача шаҳар ривожланиши бўйича глобал тамойилларни белгилаб бериши билан аҳамиятли. Шу боис, форум доирасида вазирлар даражасидаги учрашувлар билан бир қаторда, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган тематик йиғилишлар ҳам ташкил этилмоқда.
Хусусан, мазкур йиғилишларда аёллар ва ёшларга оид масалалардан тортиб, шаҳарларнинг келажагини шакллантиришда фуқаролик жамияти ҳамда хусусий компанияларнинг ўрнигача бўлган кенг қамровли мавзулар муҳокама қилиняпти. Бу эса урбанизация жараёнини фақат инфратузилма билан эмас, балки инсон капитали ва ижтимоий иштирок билан ҳам боғлиқ ҳолда кўриш зарурлигини англатади.
Форумнинг энг диққатга сазовор масканларидан бири сифатида 3,5 гектар майдонда ташкил этилган “Urban Expo Zone” кўргазмаси алоҳида эътироф этиляпти. У WUF тарихидаги энг йирик кўргазма ҳисобланиб, унда дунёнинг 217 та ташкилотидан мутахассислар иштирок этмоқда. Шунингдек, 66 та мамлакат инновацион шаҳар ечимлари, уй-жой лойиҳалари ва барқарор ривожланиш ташаббусларини намойиш этувчи миллий павильонлари билан қатнашяпти.
Форумда билдирилган фикрларга кўра, ҳозирга қадар қарийб 160 та мамлакат миллий шаҳар сиёсатини қабул қилган ёки ишлаб чиқмоқда. Уларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи арзон турар жой дастурларини жорий этган бўлса-да, БМТ-Ҳабитат маълумотларига асосан бу ҳаракатлар ҳали етарли эмас. Чунки бугунги кунда 1,1 миллиарддан ортиқ инсон хароба ёки норасмий масканларда яшамоқда. Сўнгги ўн йил ичида мазкур рақам яна 120 миллион кишига ошгани эса муаммонинг қанчалик жиддий эканини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, 2050 йилга бориб шаҳарлар жаҳон аҳолиси ўсишининг учдан икки қисмини таъминлайди. Шунингдек, 2035 йилга келиб дунёдаги камбағал аҳолининг аксарияти шаҳар ҳудудларида яшаши кутилмоқда. Ҳозирнинг ўзида тахминан 3 миллиард киши муносиб уй-жой билан таъминланмагани турар жой масаласи глобал тараққиётнинг асосий чақириқларидан бири бўлиб қолаётганини англатади.
Шу жиҳатдан қараганда, турар жой масаласи БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги 17 та мақсаднинг 15 таси билан бевосита боғлиқ ҳисобланади. Айниқса, муносиб турар жой ва асосий хизматларни таъминлашга қаратилган 11-мақсад мазкур йўналишдаги марказий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам сўзга чиқиб, шаҳарсозлик ва барқарор урбанизация соҳасида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, давлатимиз раҳбари барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш мақсадида ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этишга чақирди.
Шу билан бирга, стандартлар ва илғор тажрибалар алмашинувини тизимли равишда таъминлайдиган “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Бу ташаббус шаҳар бошқарувида инновацион ечимларни кенг жорий этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2027 йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этиш бўйича янгича ёндашувларга бағишланган халқаро форум ўтказишга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, 2030 йилда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳамда “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” мавзусини форум кун тартибига киритиш таклиф этилди.
Глобал иқлим ўзгариши шароитида Президент Шавкат Мирзиёев табиат билан уйғун “яшил шаҳарлар”ни барпо этиш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Бу таклиф экологик барқарорликни таъминлаш ва шаҳарларнинг иқлим ўзгаришига мослашувини кучайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланмоқда.
Маълум қилинганидек, форум 22 май куни “Боку ҳаракатга чақируви” ҳужжатининг қабул қилиниши билан расман якунланади. Мазкур ҳужжат муносиб турар жой ва барқарор шаҳар ривожланиши соҳасидаги глобал тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган асосий натижалар тўплами сифатида эълон қилиниши кутилмоқда. Бу эса форум нафақат мулоқот майдони, балки аниқ сиёсий мажбуриятлар шакллантириладиган муҳим халқаро платформага айланганини яна бир бор намоён этмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.