Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Венгрияда “Meta” тақиқига қарамай сиёсий реклама давом этмоқда

Венгриядаги “Фидес” партияси “Meta” платформаларидаги сиёсий реклама тақиқини айланиб ўтаётгани ҳақида тадқиқотчилар огоҳлантирмоқда. Маълумотларга кўра, партияга алоқадор ташкилотлар ва шахслар реклама мазмунини сиёсий эмас, балки бошқа тоифаларда жойлаб, қоидаларни четлаб ўтмоқда. Шу тариқа, айрим реклама роликлари ва ҳатто сунъий интеллект ёрдамида яратилган видеолар миллионлаб фойдаланувчиларга етиб борган, айниқса мухолиф партияларга қарши кампанияларда фаол қўлланилган.
Мутахассислар таъкидлашича, “Meta”нинг фильтр тизими бундай контентни дарҳол аниқлай олмаяпти. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, аниқланган сиёсий рекламаларнинг қарийб барчаси “Фидес” билан боғлиқ манбаларга тегишли. Бу ҳолат сайловлар олдидан ахборот маконида адолатли рақобатга путур етказиши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотирларни кучайтирмоқда.
Швейцариядаги ёнғин иши…

Швейцариянинг Кран-Монтана курортида Янги йил кечасида содир бўлган ҳалокатли ёнғин бўйича тергов давом этмоқда, аммо ёнғин хавфсизлиги собиқ раҳбари сўроқ вақтида жим қолишни танлади. Унинг адвокати бу қарорни иш материаллари билан танишиш имкони йўқлиги билан изоҳлади ва кейинроқ барча саволларга жавоб берилишини маълум қилди.
Ҳодиса оқибатида 41 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олгани бу ишга бўлган жамоатчилик эътиборини янада кучайтирмоқда. Ҳозирда бир неча шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва тергов давом этмоқда.
Испаниядаги поезд фожиаси: ҳалокатдан олдин рельс сингани маълум бўлди

Испанияда 46 кишининг ҳаётига зомин бўлган поезд тўқнашуви бўйича янги маълумотлар ошкор бўлди. Фуқаролик гвардияси ҳисоботига кўра, ҳалокат содир бўлган темир йўл участкасида рельс бир кун олдинроқ синган, аммо бу носозлик аниқланмаган. Ҳодиса Мадридга йўл олган “Iryo” поезди издан чиқиб, қарши йўналишда келаётган “Renfe” поезди билан тўқнашиши натижасида юз берган.
Текширувларга кўра, тизимда носозликни кўрсатувчи белгилар бўлган, аммо у олдиндан хавф ҳақида огоҳлантириш бермаган. Шу билан бирга, терговчилар машинистлар хатосини истисно қилди. Ҳозирда расмий идоралар бу ҳолат нега вақтида аниқланмаганини ўрганмоқда, ҳукумат эса ҳалок бўлганлар оилаларига товон пули ажратишини маълум қилди.
Байрутга зарбалар: сулҳга қарамай ҳужумлар авж олди

Ливаннинг Байрут шаҳрида бир нечта ҳаво зарбалари амалга оширилиб, биноларда ёнғинлар келиб чиқди ва осмонни қора тутун қоплади. Ҳодиса жойига тезкор хизматлар етиб келиб, ёнғинларни ўчириш ишларини бошлади. Кадрларда шаҳар марказидаги портлашлар ва уларнинг оқибатлари аниқ кўринган.
Исроил ҳарбийлари бу ҳужумлар Ҳизбуллоҳга тегишли 100 дан ортиқ объектга қарши ўтказилган кенг қамровли операциянинг бир қисми эканини билдирди. Зарба АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик сулҳ эълон қилинганидан сўнг амалга оширилгани вазиятни янада кескинлаштирди. Исроил томони ушбу келишув Ливандаги амалиётларга тааллуқли эмаслигини таъкидламоқда.
Сулҳ Трампга “чиқиш йўли”ни берадими?

АҚШ ва Эрон ўртасида эълон қилинган вақтинчалик сулҳ Дональд Трамп учун сиёсий босимни юмшатувчи қадам сифатида баҳоланмоқда. Оммавий танқидлар ва ички сиёсий босим кучайган бир пайтда, бу келишув Вашингтонни кенг кўламли урушдан вақтинча узоқлаштирди. Айниқса, жамоатчилик ва сиёсатчилар Трампнинг кескин баёнотлари ва зиддиятнинг мақсадлари борасида саволлар қўяётган эди. Экспертлар фикрича, мазкур сулҳ Оқ уй раҳбарига ички рейтинглар пасайишини тўхтатиш имконини бериши мумкин.
Бу қарор барча муаммоларни ҳал этгани йўқ. Танқидчилар можаро аслида қандай натижа бергани ва унинг қанчалик асосли бўлгани ҳақида савол қўймоқда. Шу билан бирга, низо иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан катта харажатларга олиб келди, нефть нархлари ва бозорларга таъсир кўрсатди. Ҳозирча сулҳ фақат вақтинчалик танаффус сифатида баҳоланмоқда ва унинг барқарор тинчликка олиб келиши номаълумлигича қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА