Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Греция дронларга қарши янги тизим ишлаб чиқди

Греция ишлаб чиққан “Centauros” дронларга қарши тизими замонавий уруш тактикасини ўзгартирмоқда. У ракеталардан фарқли равишда, дронларни йўқ қилиш ўрнига уларнинг алоқа ва навигация сигналларини блоклаш орқали ишдан чиқаради. Тизим 25-40 км масофада бир вақтнинг ўзида бир нечта дронни нейтраллаш имконига эга бўлиб, электр энергияси билан ишлаши сабаб анча арзон ва самарали ҳисобланади. Шу жиҳати билан у қимматбаҳо ракеталардан фойдаланишга нисбатан иқтисодий жиҳатдан анча тежамкор ечим сифатида баҳоланмоқда.
“Centauros” аллақачон жанг шароитида синовдан ўтган: у Қизил денгиздаги операцияларда дрон ҳужумларига қарши қўлланилган. Тизим қуруқликда, денгизда ва ҳаракатланувчи платформаларда ўрнатилиши мумкинлиги билан ҳам аҳамиятли. Экспертлар фикрича, дрон технологиялари тез ўзгариб бораётгани учун бундай электрон уруш воситалари келажакда асосий мудофаа ечимларидан бирига айланиши мумкин.
Францияда поезд ҳалокати юз берди

Франциянинг Па-де-Кале ҳудудида юқори тезликдаги “TGV” поезди юк машинаси билан тўқнашиб кетди, натижада поезд ҳайдовчиси ҳалок бўлди ва камида 27 киши жароҳат олди. Поездда тахминан 350 нафар йўловчи бўлгани маълум қилинди, уларнинг айримларига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Бахтсиз ҳодиса сабабли Бетюн ва Ленс шаҳарлари ўртасидаги темир йўл ҳаракати кун охиригача тўхтатилди. Айни пайт воқеа юзасидан тергов ишлари бошланган. Мутасаддилар бу каби ҳалокатларнинг олдини олиш учун хавфсизлик чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.
Қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш оммалашмоқда

Қайта тикланувчи энергия манбалари, айниқса қуёш энергияси, глобал тарзда арзонлашиб, анъанавий нефть ва газга нисбатан рақобатбардош бўлиб бормоқда. Янги таҳлилларга кўра, қуёш энергиясидан фойдаланиш Европага ҳар куни юз миллионлаб евро тежаш имконини бермоқда. Энергия инқирози фонида кўплаб давлатлар арзон ва барқарор манба сифатида қайта тикланувчи энергияга кўпроқ эътибор қаратмоқда, айниқса Испанияда шамол ва қуёш энергияси ҳиссаси кескин ошган.
Мутахассислар таъкидлашича, илгари юқори бошланғич харажатлар сабаб айрим мамлакатлар қуёш энергияси технологияларидан унчалик фойдаланмаган, бироқ ҳозирги кунда бу технологиялар арзонлашиб, ҳатто анъанавий ёқилғилардан ҳам самаралироқ вариантга айланмоқда. Дунёда ҳали ҳам 700 миллиондан ортиқ одам электр энергиясига эга эмас, аммо янги технологиялар улар учун ҳам имконият яратмоқда. Бу ўзгариш глобал энергетика тизимида тарихий бурилиш сифатида баҳоланмоқда.
Украинада автобус бекатига ҳужум: қурбонлар бор

Украинанинг Днепропетровск вилоятида Россия дрони автобус бекатига зарба бериши оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди, 12 нафари эса жароҳат олди. Ҳужум Никополь шаҳри марказида содир бўлиб, дрон автобус бекатга келиб тўхтаётган пайтда уни нишонга олган.
Сўнгги вақтларда бундай кундузги ҳужумлар кўпайиб, фуқаролик инфратузилмаси ва аҳоли яшаш ҳудудлари нишонга олинмоқда. Никопольнинг стратегик жойлашуви — Запорожье атом электр станциясига яқинлиги ҳимоя имкониятларини чекламоқда. Украина томони РФни тинч аҳолига қарши ҳужумларда айблаб, халқаро ҳамжамиятни янада кескин чоралар кўришга чақирмоқда.
Вэнс Орбанни қўллаб-қувватлади

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Венгрияга ташриф буюриб, бош вазир Виктор Орбанни сайловлар олдидан очиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. У Будапештда Орбан билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар, шунингдек Европа ва Украина масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Оқ уй раҳбари Дональд Трамп ҳам аввалроқ Орбанни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган эди, бу эса Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсатда айрим иттифоқчиларга очиқ тарафдорлик қилишини кўрсатмоқда.
Айни пайтда Венгрияда сиёсий рақобат кескинлашган: сўровларга кўра, мухолифат етакчиси Петер Мадяр бошчилигидаги “Tisza” партияси жиддий рақобат кўрсатмоқда. Орбан эса ташқи сиёсатда АҚШ ва Россия билан муносабатларни сақлашга урғу бермоқда. Экспертлар фикрича, расмий Вашингтоннинг бундай очиқ қўллови сайлов жараёнига таъсир қилиши мумкин ва бу Европа сиёсатида янги тенденцияларни юзага келтирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА